ҒАRGONA VILOYATI HOKIMINING
FARMOYISHI
2013 yil “06” март № 41-ф
Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг 2012 йил 11 декабрдаги 07/1-266-сонли мажлис баёни ҳамда мазкур баён билан тасдиқланган "Республика ва ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар натижадорлигини таъминлашда давлат ва жамоат ташкилотлари, ижодкор зиёлилар ролини кучайтириш чора-тадбирлари дастури" ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Маънавият тарғибот маркази, Ёзувчилар уюшмаси, "Нуроний" жамғармаси, "Маҳалла"' хайрия жамоат фонди, "Камолот" ЁИҲ вилоят бўлимлари, халқ таълими бошқармаси, ўрта-махсус касб ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси, олий ўқув юртлари ва Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг 2013 йилнинг 15-20 апрелъ кунлари "Китобхонлик ҳафталиги"ни ҳамда 2013 йил 15 январда тасдиқланган 07/1-266-сонли вилоят ҳудудий Дастурига мувофиқ "Китобхонлар байрами"ни ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, таълим муассасалари раҳбарлари “Китобхонлик ҳафталиги”ни ҳамда "Китобхонлар байрами" доирасида "Китобхон оила", "Китобхон маҳалла", “Китобхон мактаб” кўрик-танловларини юксак савияда ўтказишга яқиндан амалий ёрдам кўрсатсин ва бунда биринчи раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги белгилансин.
3. "Китобхонлик ҳафталиги" ўтказиш тўғрисидаги Низом 1-иловага, вилоят ишчи-гуруҳи таркиби 2-иловага, "Китобхон оила", "Китобхон маҳалла", "Китобхон мактаб" кўрик-танловларини ўтказиш тўғрисидаги Низом 3-иловага, вилоят ҳокимлигидан шаҳар ва туманларга бириктирилган масъуллар рўйхати 4-иловага, ахборот ресурс марказлари ва уларнинг тармоқ кутубхоналари китоб жамғармаси ҳисобидан чиқарилаётган адабиётларни мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби 5-иловага асосан тасдиқлансин.
4. Вилоят бошқарма ва ташкилотлари, корхоналари, идора ва муассасаларининг ҳафталик доирасида ахборот-ресурс марказлари ҳамда кутубхоналарга ҳомийлик сифатида китоб совға қилиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин. Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказига унинг китоб жамғармасини бойитиш ҳамда китобхонларнинг янги адабиётларга бўлган эҳтиёжини инобатга олиб, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (М.Абдувалиев), "Фарғонаазот" ОАЖ (А.Солижонов), вилоят марказий банки бош бошқармаси (С.Қўчқоров)нинг 5 млн. сўмдан ҳомийлик кўрсатиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.
5. Ахборот-ресурс марказлари ҳамда тармоқ кутубхоналарига ҳомийлик асосида китоб совға қилиш чора-тадбирлар режаси 6-иловага, совға қилиш учун тавсия этиладиган китоблар рўйхати 7-8-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
6. Марғилон шаҳри (Ш.Эркабоев), Қувасой шаҳри (А.Зиявитдинов), Бувайда тумани (А.Рахмонов), Данғара тумани (Ш.Абдусаломов), Сўх тумани (Т.Раҳимов), Қўштепа тумани (Б.Жуманов) ва Фурқат тумани (Н.Назиров) ҳокимликлари ҳудудлар марказида марказий кутубхоналар ташкил этиш учун бино ажратилишини ҳамда уларнинг жорий йил "Наврўз" байрами арафасида фойдаланишга топширилишини таъминласин.
7. Шаҳар, туман ҳокимликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари ҳафталик доирасида ишчи-хизматчилар, маҳаллий аҳолининг уюшган ҳолда ўз ҳудудларидаги кутубхоналарга ихтиёрий равишда китоб совға қилишини кенг тарғиб қилсин ҳамда бу саъй-ҳаракатнинг самарали амалга оширилишига эришсин.
8. Шаҳар, туман ҳокимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари зиммасига:
- ўз тизимларида "Китобхон оила", "Китобхон мактаб", "Китобхон маҳалла" кўрик-танловларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларини тузиш;
- "Китобхон оила", "Китобхон мактаб", "Китобхон маҳалла" кўрик-танловлари Низомига асосан тасарруфидаги тизимларда 2013 йилнинг март ойида кўрик-танловнинг ҳудудий (шаҳар, туман) биринчи босқичини ташкил этиш;
- тасарруфидаги тизимларда ўтказилган кўрик-танловларнинг 3-босқич ғолиблари ҳужжатларини вилоят кўрик-танлови ишчи гуруҳига жорий йилнинг 5 апрелига қадар юбориш;
- кўрик-танловнинг 1-босқичи ғолибларига фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилишини таъминлаш юклансин.
9. Белгилаб қўйилсинки, "Китобхон оила", "Китобхон мактаб", "Китобхон маҳалла" кўрик-танловларининг вилоят босқичи 2013 йилнинг апрель ойида - ҳафталикнинг якуний қисмида ўтказилади ҳамда кўрик-танловларнинг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш "Маънавият" умумхалқ хайрия ҳашаридан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
10. Вилоят телерадиокомпанияси (Н.Мўминов), нодавлат телеканаллар (Н.Асқаров, М.Умарова, Т.Ҳамроқулов, Ҳ. Шерматов), "Фарғона ҳақиқати" - "Ферганская правда" газеталари бирлашган таҳририяти (Б.Обиджонов) ҳамда бошқа босма оммавий ахборот воситаларига ҳафталик доирасида ўтказиладиган барча тадбирларни кенг ёритиб бориш ҳамда китобхонликни тарғиб этувчи махсус кўрсатувлар, эшиттиришлар, туркум мақолалар тайёрлаш тавсия этилсин.
11. Ушбу фармойиш ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Пўлатов, вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ёрдамчиси З.Султонов зиммасига юклансин.
Вилоят хокими Ш. Ғаниев