Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар, маънавий-маърифий тизимдаги янгиланишлар замирида ҳаётимизнинг асл мазмуни – фарзандларимизнинг баркамол турмуш тарзини яратишдек мақсад мужассам. Айтиш мумкинки, 2010 йилнинг юртимизда “Баркамол авлод йили” деб эълон қилиниши, том маънода, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатимизнинг мантиқий давоми бўлди. Негаки, барча саъи-ҳаракатларимизнинг негизида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси туради.
Баркамоллик – инсоннинг азалий ва ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайдиган, ҳамиша устувор ва мафтункор орзу, интилишлар манбаидир. Одамзод бу орзу ва интилишларини қўшиқларда куйлади, эртаклар, афсоналар, ривоятлар, достонларда ифода этди. Аммо комиллик фақат абадий орзулардангина иборат эмас. Агар ўтмишга назар ташласак, башарият тарихида ўз баркамоллик даражасини энг юксак марраларда аниқ амалда намоён эта олган буюк ва ёрқин сиймоларнинг борлигига гувоҳ бўламиз. Бугунги Ўзбекистон ёшлари ана шу баркамол сиймоларнинг ворисларидир. Тарихида шундай улуғ зотлари бор янги авлод улардан ибрат олиши шубҳасиз.
Табиийки, бугунги авлод олдига давр янги вазифаларни қўймоқда. Агар кечаги болажонларимиз ўз етуклигини Ватан озодлиги, халқ эркинлиги учун беомон курашларда кўрсатган бўлсалар, ҳозирги авлод ўз етуклигини Ватаннинг порлоқ ва буюк келажагини бунёд этишда талаб қилинмоқда. Бугунги ёшлар олдида юртимизни юксак техника ва технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш давлатига айлантиришдек шарафли вазифа турибди. Улар Ватанимизнинг ободлиги ва фаровонлигини ҳам энг юқори даражаларга кўтаришлари лозим.
“Баркамол авлод йили”га бағишлаб Ахборот-библиография бўлими ходимлари томонидан “Истиқбол эгалари” номли аннотацияланган тавсиявий рўйхат тузилди. Ушбу рўйхат матбуот нашрдарида чоп этилган мақолалардан иборат. Тавсиявий рўйхат хронологик тартибда тузилган бўлиб, кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Алимов А. Баркамол авлод – келажак пойдевори /Сурат //Ёш куч.- 2009.- №11-12.- Б. 2-3.
Саҳифада “Ёш куч” журнали мухбирининг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши раиси Акром Алиев билан суҳбати берилган. Суҳбатда “Баркамол авлод йили”да ёшлар ҳаётининг қайси жиҳатларига эътиборни қаратиш зарурлиги ҳақида сўз юритилган.
Тешабоев Р. Баркамол авлод феномени / Ш.Қорабоев олган сурат // Фарғона ҳақиқати.- 2009.- 16 дек.- Б.3.
Республикамизда таълим-тарбия масаласига катта эътибор берилмоқда. Мақолада таълим ва илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида қўлга киритилган самаралар алоҳида кўрсатиб ўтилган. Хусусан, ТАТУнинг республикамиз минтақаларида очилган филиаллари нуфузи ва аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилган.
Мирзо Ғ. Баркамол авлод - юрт келажаги.- //Постда.- 2009.- 26 дек.- Б.5.
Республикамиз Президенти Ислом Каримов 2009 йил 5 декабр куни муаззам “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 17 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали мажлисда сўзлаган маърузасида бугунги ҳамда эртанги тараққиётимиз, ўз олдимизга қўйган ғоят муҳим ва долзарб вазифаларнинг амалга оширилиши авваламбор ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб, ҳаётдан ўзига муносиб ўрин топишига боғлиқ экани ҳақида тўхталар экан, мамлакатимиз истиқболи учун принципиал аҳамиятга эга бўлган масалаларни кенг таҳлил этиб, янги фикр ва хулосаларни илгари сурди.
Маҳмудов Н. Орзуларим мужассам йил //Биржа.- 2010.- 7 янв.- Б.16.
Мақолада муаллиф ёшларга бой-маданий меросимизни қадрлашга, уни кўз қорачиғидай авайлаб-асрашга, юрак юракдан ифтихор қилишга ўргатадиган, одамлар қалбида эзгулик ҳисларини уйғотиб, бугунги авлод кимларнинг авлоди, кимларнинг ворислари эканлигини асрашга ундайдиган туйғу – Ватан туйғусини сингдириш, мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг асосий мезони эканлиги ҳақида баён қилади.
Сафаров М. Улуғ мақсад йулидаги одимлар // Маърифат.- 2010.- 20 янв.- Б. 3.
Мақолада халқимиз орасидан етишиб чиққан буюк, ёрқин сиймолар ёдга олинади ва бугунги авлод олдига қўйилаётган вазифалар ҳақида сўз боради. Айниқса, спорт, мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича давлат дастури қабул қилинганлиги ҳақида мамнуният билан ифода этилади.
Иброҳимов А. Комиллик йўлларида // Ўзбекистон овози.- 2010.- 26 янв.- Б. 1-2.
Мазкур мақолада муаллиф баркамол авлод йилининг мазмуни, моҳияти, кўлами, қамрови ва аҳамияти ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирган.
Холбобо Э. Шоҳсупа сари йўл / Т. Маҳмудов олган сурат // Ўзбекистон овози.- 2010.- 26 янв.- Б. 4.
Юртимиз “чарм қўлқоп” усталари жаҳон спорт майдонида энг кучлилардан ҳисобланади. Улар Олимпиада ўйинлари ва Осиё чемпионатларида қатнашиб совриндорлар сафидан жой олиб келмоқдалар. Мақолада юртимизнинг ана шундай истеъдодли ёшларидан бири, умидли боксчи Равшанжон Абдуназаров ҳақида сўз юритилган.
Шукурова З. Муносиб ворислар /Сурат //Ҳикмат.- 2010.- 28 янв.- Б. 3.
Ўзбек футболининг жаҳонга юз тутишида Фарғонадаги 3-вилоят футболга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Мақолада ушбу ўқув масканида олиб борилаётган ишлар ҳақида фикр юритилади.
Қодиров М. Мустақиллик кашф этган юлдузлар /Сурат //Ҳикмат.- 2010.- 28 янв.- Б. 4.
Ёшларнинг жисмоний етуклигини таъминлаш, болалар спортини ривожлантириш бўйича мамлакатимизда анча ишлар амалга оширилди. Фарғона Олимпия заҳиралари спорт коллежи 2004 йилда фойдаланишга топширилган эди. Бу ерда таълим олаётган юзлаб спортчилар республика, Осиё, жаҳон чемпионатларида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритдилар, чемпион деган номга сазовор бўлдилар.
Аҳлидинов Р. Баркамол авлод – келажак таянчи //Халқ сўзи.- 2010.- 29 янв.- Б. 1-2.
Юртбошимизнинг “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури тўғрисида”ги Фармонига биноан амалга оширилаётган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Мазкур дастурга бағишлаб ўтказилган йиғилишда Юртбошимиз меъморчилик, қурилиш, ўқув жиҳозлари борасида ҳар бир мутахассиснинг фикрини таҳлил қилиб, раҳбарлар олдига қатор вазифаларни қўйди. Ушбу мақолада муаллиф ёшларнинг таълим-тарбияси учун яратилаётган имкониятлар амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз юритган.
Мўмин А. Истеъдодни тарбиялаш – бурчимиз //Ўзбекистон овози.- 2010.- 30 янв.- Б. 4.
Баркамол авлодни тарбиялашда санъатнинг, айниқса қўшиқнинг алоҳида ўрни бор. Инсон руҳиятига таъсир кўрсатиш, қалбини забт этишда санъатнинг бирор тури қўшиқ ўрнини боса олмайди. Бунинг учун куй ҳам қўшиқ сўзлари ҳам миллий анъаналар руҳида бўлиши керак. Мулла Тўйчи ҳофиз, Ҳалима Носирова, Комилжон Отаниёзов каби ноёб овоз соҳибларининг янги авлодини тарбиялаш учун ҳар бир санъат аҳли қандай ҳисса қўшиши керак? Мухбирнинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаев билан ўтказган суҳбати мазкур мавзуга бағишланган.
Қўчқор Р. Авлодлар бахти //Инсон ва қонун.- 2010.- 2 фев.- Б. 3.
Ҳар бир ота-она фарзандининг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини, соғ ва омон ўсиб-унишини, бир сўз билан айтганда, бахтли бўлишини орзу қилади. Бироқ бу борада фақат орзу қилишнинггина ўзи етарлими? Чинакам бахтга эришмоқ учун оталар ва болалардан, умуман миллатдан нималар талаб қилинади? Ушбу мақолада муаллиф мазкур саволларга жавоб беришга ҳаракат қилган.
Усмонова Н. Ёш журналистлар доими эътиборда //Қишлоқ ҳаёти.- 2010.- 2 фев.-Б. 1-2
Тошкентда “Баркамол авлод йили: ёш журналистлар доим эътиборда” мавзусидаги Медиа-форумда изланаётган умидли ёшларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини давр руҳига монанд ташкил этишга яқиндан кўмаклашиш мақсадида турли ижодий лойиҳалар, грант-дастурлар, семинар-машғулотлар, анжуманлар, кўрик-танловлар, маҳорат сабоқлари малака ошириш курсларини ташкил этиш анъанага айланганлиги таъкидланди. Мазкур мақолада Медиа-форумда кўрилган масалалар ўз аксини топди.
Жумахўжа Н. Алишер Навоий асарларида баркамол авлод тарбияси /А. Кенжаев олган сурат //Постда.- 2010.- 6 фев.- Б. 1,3.
Баркамол авлод тарбияси Алишер Навоий ижодиётининг энг марказий масаласи бўлиб, унинг асарлари ўзагидаги ғоявий-бадиий моҳиятни ташкил этади. Мақолада муаллиф буюк шоирнинг нутқи ва унинг воситасида нидолари, таклифлари, танбеҳлари, маслаҳатлари, насиҳатлари, васиятлари қаратилган шахс – бу баркамоллиги орзу этилган навқирон авлод эканлигини тараннум этган. Ўз асарлари билан улуғ мутафаккир асрлар оша аждодлари даъватига “лаббай” деб жавоб бериб туради.
Мирзо М. Энг улуғ, энг муқаддас мақсад //Миллий тикланиш.- 2010.- 10 фев.- Б. 1, 4.
Мазкур мақолада Юртбошимиз мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ баркамол авлод тарбиясига катта аҳамият берганлиги, бугунги кунга келиб ана шу мақсад асосида олиб борилган кўп йиллик амалий ишлар ўзининг самарасини бераётганлиги ҳақида сўз юритилади.
2010 йил “Баркамол авлод йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан “Баркамол авлод йили” Давлат дастури қабул қилинди. Мақолада Дастур таркиби ва Дастурда кўзланган мақсад ўз аксини топган.
Чориева З. Фарзандларимиз дунё ёшлари билан бемалол бўйлаша оладилар //Инсон ва қонун.- 2010.- 16 фев.- Б. 1.
Мазкур мақолада муаллиф бугун Ўзбекистон ёшлари ҳам, мамлакатимиз таълим тизими ҳам ҳар қандай ривожланган давлат ёшлари ва таълим тизими билан беллаша ва бўйлаша оладиган даражада юксалиб бораётганлиги ҳақидаги фикрни баён этган.
Сувонов Б. Соғлом, ўктам, шижоатли /Сурат //Халқ сўзи.- 2010.- 16 фев.- Б. 1, 4.
Мамлакатимизда спорт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Албатта ёш авлодни тарбиялашда спортнинг ўрни беқиёс. Чунки спортга ошно бўлган болалар нафақат жисмонан соғлом, балки маънан етук ҳам бўладилар. Мақолада мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш борасида сўз боради.
Жавлонов Ш. Истиқболи порлоқ ёшлар /Сурат //Халқ сўзи.- 2010.- 19 фев.- Б. 1-2.
Истиқлол йилларида келажак авлоднинг билимли, соғлом ва жамиятимиз тараққиётига хизмат қилувчи етук касб эгалари бўлишлари учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимида рўй берган беқиёс ислоҳотлар ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ифтихор бахш этади. Муаллиф ўзининг мазкур мақоласида газетхонлар диққатини бу борада қабул қилинган ҳужжатлар - “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши туфайли тизимда рўй бераётган улкан янгиланишларга қаратади.