Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Кутубхона тарихи

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот - кутубхона маркази қарийб бир асрдан ортиқ тарихга эга. У 1899 йилда халқ музейи бўлими ҳуқуқида очилган, унга Янги Марғилон шаҳар кутубхонаси деб ном берилган. У вақтда кутубхона жамғармаси 853 нусхадаги китоблардан ташкил топган бўлиб, китобхонлар доираси фақат шаҳар зиёлиларидан иборат бўлган. Аҳолининг бошқа қатламлари учун кутубхона хизматидан фойдаланишнинг имконияти йўқ эди.

1926 йилда кутубхона ҳамда Тошкент Давлат кутубхонаси ўртасидаги адабиётлар алмашинуви натижасида бизнинг кутубхона қошида ўзбек бўлими очилган. Лекин кўп вақт ўтмасдан бу бўлим клуб ихтиёрига ўтказилган, фақат 1931 йилга келиб кутубхона қошида қайтадан ўзбек бўлими  очилган.

1933 йилда болалар бўлими ўз фаолиятини бошлаган.

1939 йилда эса шаҳар кутубхонаси негизида вилоят кутубхонаси ташкил топди, натижада кутубхонага бўлган талаблар ҳам ортди. Фарғона кутубхонасининг тарихи 1908 йилдан то 1949 йилларгача доимий раҳбари бўлган Вера Кирилловна Левашованинг тақдири билан чамбарчас боғлиқдир. Вера Кирилловна 1953 йилгача, меҳнат фаолиятини бошлаганига 60 йил тўлгунига қадар кутубхонада ишлашни давом эттирди. Шу йили у вилоятда биринчилардан бўлиб “ЎзССРда хизмат кўрсатган кутубхоначи” фахрий унвонига сазовор бўлди.

1950-1960 йиллар давомида Хидоят Хидоятович Ягофаров ва Галим Фаридович Хайретдиновлар кутубхонага раҳбарлик қилишди. Бу даврда ҳамкасбларининг ишларини давом эттириш учун ёш мутахассислар келишди.

1956 йилдан бошлаб Фарғона вилояти тарихи, иқтисоди, маданияти ва атоқли арбоблари ҳаётига оид ўлкашунослик материалларини йиғиш бўйича фаол ҳаракатлар бошланган ва ҳозирда 1500000 дан зиёд ноёб ахборот карточкаларига эга ўлкашунослик картотекаси ташкил этилган. Кутубхона 1970 йилда 500 минг нусхага мўлжалланган уч қаватли махсус жиҳозланган ва ҳар томонлама қулай бинога кўчиб ўтди. Бино ичида китобхонлар учун 400 ўринли 6 та ихтисослаштирилган қироатхона, тадбирлар зали, шаҳар абонементи, библиография, услубият, адабиётларни комплектлаш ва ишлов бериш, китобларни сақлаш бўлимлари жойлашган.

Шу йили кутубхонага Фарғонани жаҳон илм аҳлига танитган буюк ватандошимиз, 9 асрда яшаб ижод этган ўзбек олими Аҳмад Фарғоний номи берилган. 1980 йилда эса кутубхона пештоқини фарғоналик ҳайкалтарош Айдер Алиев томонидан ишланган Аҳмад Фарғонийнинг барельеви безади Янги бинога кўчиб ўтиш муносабати билан унинг таркиби ўзгарди, ходимлар штати кенгайди.

Китоб ҳафталиклари, қизиқувчилар клублари, адабий-мусиқий пайшанбалар, “ўлкашунослик адабиётлари ҳафталиклари” , “Библиография кунлари” кўплаб китобхонларни жалб қила бошлади. Кутубхона тарихига 1977 йил оғир давр бўлиб кирди. Бу йили шаҳарда бўлиб ўтган сел офати оқибатида кутубхонанинг энг пастки қаватида жойлашган китоб сақлаш бўлими сув остида қолди. Кутубхона жамғармасининг учдан бир қисми, асосан аср бошида чоп этилган нодир адабиётларнинг бир неча минги, 1920-1930 йилларда босмадан чиққан газета тўпламлари ва бошқа моддий бойликлар яроқсиз аҳволга келди. Кутубхона жамғармасини қайтадан тўлдириш зарурияти туғилиб, кейинги йиллар давомида бу вазифа адо этилмоқда. Бир вақтнинг ўзида каталоглар билан ҳам иш олиб борилди. Бу ишни амалга оширишда Г.А. Ленина бошлиқ библиография бўлими ходимларининг хизмати катта. Улар ташкил этган алфавит ва системали каталоглар бугунги кунда ҳам жамоанинг фахридир.

1980 йилларда кутубхона фаолиятининг асосий йўналишларидан бири вилоят кутубхоналарига услубий ёрдам кўрсатиш бўлди. Услубият бўлими раҳбарлигида кутубхонанинг барча бўлимлари методик ишларни олиб бордилар. Шу йиллар давомида ҳар йили 200 марта жойларга чиқиб, 12 та вилоят, бирлашган ва махсус семинарлар ўтказилди. Вилоятда кутубхона фаолиятининг турли масалалари бўйича 5 та илғор тажриба мактаблари фаолият юритди. Вилоят кутубхонаси қошида республика семинарлари, илмий-амалий конференциялар ва илғор тажриба мактабларининг машғулотлари ўтказилган. Вилоятда “Энг яхши мутатахассис” танлови ва турли кўриклар ўтказилган. Мутахассислик малакасини ошириш мақсадида вилоят кутубхонаси услубият бўлими директорлар, хизмат кўрсатиш бўлими методистлари ва библиографлари учун семинарлар ўтказади. Вилоят кутубхоначилари, хизмат кўрсатиш бўлими, комплектаторлар учун стажировка ва практикумлар ташкил этилади. Шунингдек, илғор тажриба мактабининг машғулотлари давом эттирилмоқда. Шу даврда кутубхона фондини Ўзбекистон халқлари маънавий қадриятлари, тарихи ва маданиятига оид адабиётлар билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилди.

1990 йилларда мамлакатда рўй берган глобал ўзгаришлар кутубхоналар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатди. Маданий-маърифий муассасаларни янги хўжалик юритиш шароитларига ўтказиш ҳақидаги Асосий Низомнинг ижросини таъминлаш мақсадида, вилоят кутубхоналари аҳолига кутубхона хизмати кўрсатишни яхшилашнинг самарали воситаси ҳисобланган пуллик хизмат кўрсатишга ўтди. Кутубхоналарда тунги абонемент, фонддан чиқарилган адабиётларни аҳолига сотиш, тил ўрганиш курслари, кутубхоначилик курслари ва бошқа пуллик хизмат турлари амалга оширила бошланди.

1991 йилда Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан сўнг Ўзбекистоннинг маданий мероси, тарихи ва тилини ўрганиш бўйича ишлар жадаллашди, ўлкашунослик ишларига катта эътибор берила бошланди.

90-йиллар охири 2000 йиллар бошида, қайта қуриш даврида кутубхона мукаммаллашиш жараёнини бошидан кечирди, китобхонларни жалб қилишнинг янги усулларини топиш ҳаракатида бўлди. Ўша даврда  Ўзбекистон ҳудудида ва яқин хорижда ўтказилган турли халқаро кутубхоначилик акцияларида иштирок этиш («Қрим», «Central Азия», «Иссиқ-кўл» конференциялари, Санкт-Петербург, Москва, Қирғизистондаги семинар-тренингларда таълим олиш ва ҳ.к) шундай усуллардан бири бўлди. Буларнинг барчаси нафақат хорижий кутубхоналар фаолиятини ўрганиш, балки кутубхона фаолиятининг ривожланиши учун амалга тадбиқ этиш, кутубхона фондларини тўлдириш, шунингдек, хизмат кўрсатиш ва хизматларнинг янги шаклларини ташкил этишда ёрдам берди. Мегалойиҳа - Россия «Пушкин кутубхонаси», «Ҳуқуқий билимлар маҳаллага», «Китоб фондининг бутлигини сақлаш учун қулай шароит яратиш», «Одамлар ва китоблар», «Лотин ёзувини ўқитиш », «Фуқаролик жамияти учун ногиронлик масалалари бўйича ахборот ресурс тармоғи», «Фарғона водийси кутубхоналари: дўстлик кўприклари», «Тенг имкониятли кутубхона» каби турли лойиҳаларда қатнашиб, на фақат фан соҳалари бўйича турли хилдаги нашрлар билан кутубхона фондини бойитишга эришилди, балки янги таркибий бўлим - бугунги кунда шаҳар аҳолиси ўртасида оммабоп ҳисобланган ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 июн ПҚ-381- сонли “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят кутубхонасига вилоят ахборот-кутубхона маркази номи берилди. Қарор қабул қилиниши билан кутубхонанинг тузилишида ҳам ўзгаришлар содир бўлди, янги таркибий бўлимлар ташкил этилди. Булар: Ахборот технологиялари бўлими; Маънавият ва маърифат сектори; Электрон ўқув зали. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида: замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда кутубхона тармоғини ташкил қилишни такомиллаштириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал эҳтиёжларини қондиришга, маданий, маънавий-ахлоқий қадриятларни сақлаб қолишга йўналтирилган принципиал янги ахборот марказини ташкил этиш, шунингдек, аҳолини янада кенгроқ ва тизимли ахборот билан таъминлаш вазифалари амалга оширилмоқда.

2008 йил   21-25 октябр кунлари Фарғона вилоят АКМда навбатдаги “Фан, таълим, маданият, бизнес соҳаларида интернет ва кутубхона-ахборот ресурсларидан фойдаланиш”  «Central Asia – 2008»  5-халқаро конференция ўтказилди.

Барча кутубхоначилик жараёнлари автоматлаштирилди.

2009 йил - ўлкашунослик сектори  қошида кутубхона ва Фарғона вилояти тарихи музейи ташкил этилди.

2010-2011-2012 йй. – “Кутубхоначилар мактаби” лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида Фарғона ва Андижон вилоятларидан 171 нафар АРМ кутубхоначилари таълим олдилар.

Машғулотлар “Кутубхоначилик иши” ва  “Кутубхона фаолиятида ахборот технологиялари”, “Интернетдан фойдаланиш, ахборотни қидириш ва ҳужжатларни электрон шаклда етказиш” ва “Электрон кутубхона ва каталогларни шакллантириш”  йўналишларида олиб борилди.

Таълим жараёни ва имтиҳон натижаларига кўра олти гуруҳдан саралаб олинган 20 нафар кутубхоначилар учун “АРМ ишини ташкил этишга ўқитиш бўйича тренерлик маҳорати” курси ўтказилди.             

АКМнинг таълим бериш бўйича фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Ўқув-маслаҳат маркази” ташкил этилди ва Қувасой шаҳридан 10 нафар фермерлар “Бошланғич компьютер саводхонлиги. Интернет тармоғида ишлаш” 8 кунлик курсларида ўқитилди.

Лойиҳани амалга ошириш қуйидаги катта тадбирларни ўтказиш имконини берди:

  •  «Давра суҳбати»  - АКМ, АРМ ва вилоят ҳокимлиги вакиллари АРМ кутубхоначилари малакасини ошириш муаммоларини муҳокама қилдилар
  • “Китоб байрами” – ”Йил китоби” ва “Йил китобхони” номинациялари  бўйича ғолиблар аниқланиб, эсдалик совғалари топширилди.
  • “АРМ ишини ташкил этиш” методик қўлланмаси нашр этилди.

2013 йилда барча стандартларга мос бўлган босма нашрларнинг сифатли электрон нусхасини яратиш имконини берувчи Максимал формати -А2(A2=594x420mm) «By Metis» китоб сканерини сотиб олинди. Мазкур сканер кўп сўраладиган нашрларни электрон шаклга ўтказишни тезлаштириш имконини берди.