2016 йил 20 июль куни вилоят ахборот-кутубхона маркази ходимлари учун “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ва бу борада амалга оширилаётган ишлар” мавзусида маънавият соати ўтказилди.
Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ баркамол авлод тарбиясини мамлакат тақдирига дахлдор, энг устувор вазифа сифатида белгилаб берган Президент Ислом Каримов бу жараённи: “Бугунги кунда бир оддий ҳақиқат барчамиз учун аён бўлиши керак: олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси авваламбор янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир”, — дея баҳолаган эди.
Ахборот ва кутубхоначилик ҳужжатларини каталоглаштириш ва қайта ишлаш бўлими ходими Н. Кадирова Давлат суверенитетининг дастлабки давридаёқ, яъни 1991 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилингани, мамлакат раҳбари томонидан 1993 йил 4 мартда таъсис этилган дастлабки орден “Соғлом авлод учун” деб номланиши, 1992 йилда ёшларнинг ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг инсонпарвар нормаларини ўзида жамлаган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг парламентимиз томонидан ратификация қилингани ҳам республикада ёшлар масаласига бўлган эътибор даражасини кўрсатишини таъкидлаб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий мавқеи, жинси, маълумоти ва сиёсий эътиқодидан қатъий назар, ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш; ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш; миллий, маданий анъаналарнинг авлоддан авлодга ўтиши, авлодларнинг маънавий алоқаси; ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамият ривожига, айниқса ёшлар ҳаётига оид дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирок этиши; ҳуқуқ ва бурчларнинг, эркинлик ва фуқаролик масъулиятининг бирлиги каби тамойилларга асосланишини айтиб ўтди.