Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Унутилмас дамлар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Улуғ раҳбаримизнинг Ватан равнақи, халқимиз олдидаги буюк хизматларини ёдга олиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда талаба-ёшлар иштирок этди.
АКМ директори Шоҳидбек Аслонов Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов халқимиз, айниқса, ёш авлод камолоти йўлида мунтазам ғамхўрлик кўрсатганини бутун жаҳон жамоатчилиги эътироф этаётгани, Юртбошимизнинг хотирасини азиз ва муқаддас билиш, истиқлол йилларида мамлакатимизда навқирон авлоднинг порлоқ келажаги йўлида яратилган шароит ва имкониятларни қадрлашга ўргатиш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, юртпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш кенг жамоатчилик, таълим фидойилари, ота-оналар зиммасидаги энг масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлади.
Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, юртимизни собиқ мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини, бутун жаҳонда «ўзбек модели» деган ном билан тан олинган ривожланиш йўлини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолади. Халқимиз ўзининг тарихан қисқа муддат — 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг хизматлари, деб билади.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамиз учун қадрли инсон бўлган Ислом Каримов ўз ҳаёти ва тақдирини жонажон Ўзбекистонимиз, халқимизга бағишлади. Тадбирда Ислом Каримов ҳаёти акс эттирилган “Унутилмас дамлар” видеофильми намойиш этилди.