Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Yangiliklar

« Ортга қайтиш

"Менинг буюк бобом" лойиҳасини эълон қиламиз!  03.04.2019 16:02

Юртимизда Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга катта ҳозирлик кўрилмоқда. Шу муносабат билан Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази янги лойиҳа эълон қилади.

Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашишга ҳисса қўшганларнинг хотирасини абадийлаштириш ҳар биримизнинг юксак инсоний бурчимиздир.

Шу боис Сиз азиз китобхонларимизга мурожаат қилмоқчимиз:
Агар оилавий архивларингизда урушда қатнашган ота-боболаримизнинг фронтдан ёзган хатлари, суратлари, урушда фойдаланган буюмлари, орден ва медаллари, фрон ортида онахонларимиз, болаларнинг фидойиликлари акс этган лавҳалар сақланган бўлса, уларни кутубхонамиз фондида (хатларни аслини бериш имкони бўлмаса, нусхаси) доимий сақланишига ўз ҳиссангизни қўшишингизни илтимос қиламиз. Бу албатта, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этишга, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга, уларни тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб яшашларига хизмат қилади, деб ишонамиз. Мактубларда, суратларда улар ва уларнинг жасоратлари доимо ҳаёт. Урушни кўрган инсонларнинг соғинчи, изтироби, ишонч ва умидлари - ўша оддий сатрларда. Қаҳрамонликлари – ўша орден ва медалларидан мисол. Буларнинг барчаси биз учун мерос. Хотира мероси.

Келинг, биргаликда уларнинг унутилмас жасоратларини яна бир бор ёд этиб, кутубхонамиз фондини тарихий эсдаликлар билан бойитамиз!

photo_2019-04-03_18-03-27