Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Yangiliklar

« Ортга қайтиш

Онлайн ҳуқуқшунос  14.08.2019 07:44

Савол: 2 хонали квартира мулкдори (буви) вафот этди. Унинг иккита вояга етган фарзанди: қизи ва ўғли бор. Ўғли Россияга кетиб, вафот этган. Тошкентда унинг алоҳида яшовчи собиқ хотини ва қизи (бувининг невараси) қолган.
Қизи доим шу икки хонали квартирада онаси (буви) билан бирга яшаган, айни пайтда вояга етган қизи (яъни бувининг невараси) билан яшамоқда.
Ўғилнинг вафотидан сўнг унинг қизи (бувининг невараси) мерос асосида ўз улушини талаб қилмоқда. Меросни тақсимлаш тўғрисида ҳужжат йўқ. Кадастр ҳужжатлари ҳанузгача бувининг номига расмийлаштирилган. 
Мерос қандай тақсимланиши керак?
 
Жавоб: Васиятнома бўлмаса, ворислик қонун бўйича амалга оширилади: меросхўрлар ворисликка навбат тартибида чақириладилар. Мерос қолдирувчининг болалари, эри (хотини) ва ота-онаси (ФКнинг 1135-моддаси), сизнинг ҳолатда - вафот этган бувининг ўғли ва қизи қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислар ҳисобланади. 
Ўғил ҳам вафот этганлиги сабабли тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик кучга киради (ФКнинг 1140-моддаси). Яъни қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга (буви вафот этгунга) қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бир хил даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади.
Тегишинча, бувининг ўғли ва қизидан ташқари биринчи навбатдаги ворислар бўлмаса, мерос улар ўртасида тенг бўлинади. Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик натижасида эса, вафот этган ўғилнинг бошқа биринчи навбатдаги ворислари бўлмаса, унинг улуши тўлиқ қизига ўтади. Натижада мерос бувининг қизи ва вафот этган ўғилнинг қизи ўртасида тенг тақсимланиши керак.
Бунда мерос очилгунга қадар 3 йил мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар. 
Мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан умумий мулк бўлган мол-мулкни асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Бироқ имтиёзли ҳуқуқлар амалга оширилганда мерос тақсимотида қатнашаётган бошқа меросхўрларнинг мулкий манфаатларига риоя этилиши лозим. Агар мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш натижасида меросни ҳосил қилувчи мол-мулк бошқа меросхўрларга тегишли улушларни бериш учун етарли бўлмаса, имтиёзли ҳуқуқни амалга ошираётган меросхўр уларга тегишли пул ёки мол-мулк товонини тўлаши лозим (ФКнинг 1153-моддаси).

10247913