16 ноябр куни Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Мутолаа – тафаккур тарбиячиси” шиори остида адабий кеча ташкил этилди. Тадбир Германия халқ университетлари уюшмасининг халқаро ҳамкорлик институти кўмагида ўтказилди.
Унда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, истеъдодли ёзувчи Исажон Султон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Энахон Сиддиқова, таниқли шоир ва ёзувчилар, Фарғона шаҳридаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларнинг ўқитувчилари, кутубхоначилари, АРМ раҳбарлари, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини сингдиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу каби эзгу мақсадларга эришишда эса илм ўрганиш, хусусан, китобга ошно тутиниш, уни тарғиб этишнинг аҳамияти беқиёс.
– Мустақиллик барча соҳалар қатори маънавиятга, адабиётга ҳам улкан ўзгаришлар, янгиланишлар олиб кирди, – деди севимли шоиримиз Иқбол Мирзо. – Айниқса, Президентимизнинг «Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор» номли рисоласининг эълон қилиниши, шоир ва ёзувчиларга қаратилаётган юксак эҳтиром намунаси бўлибгина қолмай, ўзбек адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқиш учун жуда катта истиқбол эшикларини ҳам очди.
Дарҳақиқат, сўз санъаткорлари яратган дурдона асарлар бугун халқимизнинг ижодий мулкига айланиб, маънавиятимизни юксалтириш, ёшларни баркамол руҳда тарбиялашга хизмат қилиб қилиш билан бирга, чет тилларга ҳам таржима қилиниб, ўзбек адабиёти нуфузини оширмоқда.
Шу куни ёзувчи Исажон Султоннинг 2010 йил “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Боқий дарбадар” номли китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур роман китобхонлар ҳукмига ҳавола этилгач, ўқувчиларнинг энг яхши асари сифатида китоб жавонидан жой олди, адабиётшунослар томонидан тақризлар ёзилди.
Ижодкорнинг “Фарғона ҳикоялари” туркумидаги “Балиқ” (“Қисмат”) ҳикояси чет эл адиблари эътиборига тушди ҳамда АҚШнинг Чикаго шаҳридаги “Лексикон” журнали халқаро танловининг ғолиби бўлди. Шунингдек, адибнинг бир нечта ижод намуналари хорижий тилларга таржима қилиниб, дунё китобхонлари эътиборига ҳавола этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Баҳодир Исо, Ғулом Фатҳиддин, Исмоил Маҳмуд Марғилоний каби устоз шоирлар, “Меҳр ёғдуси” газетаси бош муҳаррири Расул Камол, Фарғона давлат университети талабаси Гўзал Эргашева ва бошқалар бугунги кунда ёшларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқи, унинг аҳамияти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, ижодкорлар Исажон
Султоннинг “Боқий дарбадар”, “Озод” романлари ва ҳикоялари ҳақида фикр билдирдилар.
Кечада вилоят рус драма театри актёрлари томонидан Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” номли романи асосида ижро этилган саҳна кўриниши йиғилганларда катта таассурот уйғотди.