Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Yangiliklar

« Ортга қайтиш

Китобхонлар клуби  02.10.2019 09:37

2019 йил 2 октябрь куни Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобхонлар клуби”нинг навбатдаги машғулоти бўлиб ўтди.
Тадбирда абонемент сектори бош кутубхоначиси М.Мамадалиева ва электрон ўқув зали сектори мудири Н.Турсуновалар  атоқли қирғиз ёзувчиси, давлат жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” романи  ҳақида маълумот бердилар.
Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон Фанлар Академияси академиги Чингиз Айтматов асарларини қирғиз ва рус тилида ёзган. Илк ҳикоялари 1950 йилларда босилган. “Байдамтол соҳилларида”, “Юзма-юз”,  “Жамила”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” каби бир қатор асарлари ўзбек китобхонлари  қалбидан жой олган.
Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат” романида эзгулик ва ёвузликнинг кураши, инсон ва табиат муносабати бўрилар Акбара билан Тошчайнар образи орқали очиб берилади. Инсон томонидан ҳудудларни ўзлаштириш, ўрмонларни йўқ қилиш, табиатнинг азалий қоидаларини бузиш ва охир-оқибат жонзотларни ўз она уйидан сиқиб чиқариш қиёмат-қойим даражасида тасвирланади. Бўриларнинг дастлабки уч боласини овчилар отишади. Тоғда кон йўли очилгач, бўрилар яшаётган қамишзорга ўт қўйилади. Уларнинг кейинги бешта боласи ёнғинда нобуд бўлади. Акбара билан Тошчайнар энди тоққа кўчишади. Аммо ароқхўр Бозорбой янги дунёга келган тўрт бўри боласини сотиб юборади.
Романдаги Авдий Каллистратов образи инсонларни бу йўлдан қайтаришга уринади. Аммо зўровон, қарашлари ҳаминқадар бўлган кишилар уни ит азобига солиб, поезддан ирғитиб юборишади. Асардаги бош қаҳрамонлар Акбара ва Тошчайнарнинг кечмишлари, сарсон-саргардон қисмати ва охир-оқибат фожиасига инсоният сабабчи эканлиги асарда ёрқин акс эттирилган.
АКМ ходимлари эзгулик ва ёвузликнинг кураши, инсонларнинг табиатга бўлган муносабати ҳамда икки бўри мушоҳадалари ва бошқа қаҳрамонларнинг муаммога ҳаққоний муносабатлари ҳақидаги ушбу романни ўқишни барчага тавсия қилдилар.

photo_2019-10-02_11-30-30