Navigatsiya
Kutubxonaning ish tartibi:
8:00 dan 18:00 gacha
Manzil:
O‘zbekiston, Farg‘ona sh., Ma’rifat ko‘chasi 31 A

Yangiliklar

« Ортга қайтиш

Онлайн ҳуқуқшунос  09.07.2020 08:23

Савол: Банк билан қарз олувчи ўртасида ихтилоф юзага келди. Қарз олувчи кредит шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан иқтисодий судга мурожаат қилди. Бир вақтнинг ўзида қарз олувчи суд ишни кўргунига қадар кредит бўйича фоизлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш ҳақида дастлабки қарор қабул қилишни илтимос қилди. 
Суд дастлабки қарорни қабул қилишни рад этишга ҳақлими?

Жавоб: Фоизларни ҳисоблаш бўйича ҳаракатларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома даъвони таъминлаш чораси ҳисобланади. Суд иш ҳолатларидан келиб чиқиб илтимосномани қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. 
Чунончи, қуйидагилар ҳам даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин:
1) жавобгарга тегишли мол-мулкни ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш;
2) жавобгарга муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;
3) бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни бажаришни тақиқлаш;
4) даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш;
5) мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилган тақдирда, мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш;
6) низоли мол-мулк бузилишининг, ҳолати ёмонлашишининг олдини олиш мақсадида жавобгарнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклатиш;
7) низоли мол-мулкни учинчи шахсга (сақловчига) ўтказиш.
Суд даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни кўриши мумкин. Шунингдек даъвони таъминлаш бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта чора кўрилиши мумкин.
Даъвони таъминлаш чоралари билдирилган талабга мутаносиб бўлиши керак (ИПКнинг 94-моддаси).
Даъво аризаси билан бирга берилган даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Даъвони таъминлаш ҳақидаги ёки уни таъминлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди (ИПКнинг 96-моддаси).