Kirish Ro'yxatga olish
 
 
Яндекс.Погода

Манзил:
Ўзбекистон,  
Фарғона ш.,
Маърифат кўчаси 31 А

Телефонлар:
(+998 73) 244-00-56
(+998 73) 244-12-86

Кутубхонанинг иш тартиби: 8:00 дан 18:00 гача

Дам олиш куни: душанба.

Тозалик куни: ҳар ойнинг охирги жумаси

Безымянный

images

instagram-takipci-sa-d633cabe2c6ed376e016

 

 

 

telegram

 

 

 

Абу Райҳон Беруний Муҳаммад ибн Аҳмад

Абу Райҳон Беруний Муҳаммад ибн Аҳмад
973 - 1048

     Абу Райҳон Беруний – улуғ ўзбек мутафаккир олими, ўрта асрнинг буюк даҳоларидан. Ўз замонасининг ҳамма фанларини, биринчи навбатда фалакиёт, физика, риёзиёт, илоҳиёт, маъданшунослик фанларини пухта эгаллаган. Бу фанлар тараққиётига қўшган ҳиссаси билан унинг номи дунё фанининг буюк сиймолари қаторидан жой олди.
    Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний 973 йил 4 сентябрда қадимги Кот шаҳрида таваллуд топди. Унинг насл-насабида “берун” сўзи “ташқи шаҳар”, “Беруний” эса “ташқи шаҳарда яшовчи киши” маъносини билдиради.
     Берунийнинг илм-фанга қизиқиши ёшлигиданоқ кучли бўлган. Машҳур олим Абу Наср ибн Ироқ Мансур қўлида таълим олади. Ибн Ироқ фалакиёт ва риёзотга оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлайди. Беруний ҳам устозининг исмини ҳамма вақт зўр ҳурмат билан тилга олади.
     Беруний фаннинг деярли ҳамма соҳалари билан шуғулланди. Шарқнинг бой фан ва маданиятини пухта ўрганиб, юнон илми билан ҳам чуқур танишиб, йирик олим бўлиб етишди. Беруний шоир, адабиётшунос ҳам эди. Она тилидан ташқари араб, суғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимий яҳудий тилларини эгаллади. Кейинчалик, Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганди. Ўз илмий асарларидан бирида ёзишича, Беруний Хоразмда яшаган даврида 990 йилдан Кот шаҳрида муҳим астрономик кузатишлар ўтказган. Бу кузатишлар учун ўзи астрономик асбоблар ихтиро қилган.
    Хоразм зодагонлари орасида тахт учун бошланган курашлар олимнинг бу илмий ишларини давом эттиришга имкон бермаганлиги боис, 22 ёшида ватанини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди ва бир қанча вақт Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилидаги Журжон шаҳрида муҳожирликда яшади. Сўнг қадимги Рай шаҳрига борди, 998 йилдан кейин яна Журжонга келди ва бу ерда ўзининг иккинчи устози табиб, астроном, файласуф Абу Саҳл Исо ал-Масиҳий билан танишиб, ундан таълим олди. Беруний “Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асарини Журжонда муҳожирлик даврида ёза бошлаган ва 1000 йилда тамомлаган. “Осор ал-боқия” Берунийга жуда катта шуҳрат келтирди, уни фаннинг ҳамма соҳасига қизиқувчи буюк олим эканини кўрсатди. Бундан ташқари Беруний Журжонда астрономия, нетрология тарихига оид 10 дан ортиқ асар ёзди. Беруний Хоразмнинг янги ҳукмдори Абу Аббос Маъмун II ибн Маъмун томонидан мамлакатнинг янги пойтахти Урганчга чақиртирилди. Хоразмшоҳ томонидан катта иззат-икром билан қабул қилинди. Беруний Урганчда Маъмуннинг бевосита раҳнамолигида вужудга келган илмий марказда фаолият кўрсатди. Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашади.
     Хоразмнинг Маҳмуд Ғазнавий томонидан босиб олиниши Беруний ҳаётини хавф остига қўяди. У Хоразмшоҳ саройидаги барча олимлар билан бирга Ғазна шаҳрига асир қилиб олиб кетилади. Берунийнинг 1017-1048 йилларда Ғазнада кечирган ҳаёти, бир томондан ниҳоят оғир кечган бўлса, иккинчи томондан, унинг илмий фаолияти учун энг маҳсулдор давр бўлди. Берунийнинг “Хоразмнинг машҳур кишилари” асари ҳам шу даврда яратилган. Унинг муҳим астрономик-географик асари “Таҳдид ниҳоёт ал-амония ли тасҳиди масофат ал-масокин” (“Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш” – “Геодезия”) 1025 йилда ёзиб тугатилган. Берунийнинг “Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар” асари ҳам 1029 йил Ғазнада ёзилган. Асарнинг форсча, арабча нусхалари бизгача етиб келган. Унда ўша замон астрономияси билан боғлиқ бўлган бир қанча фанлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Берунийнинг “Ҳиндистон” номли машҳур йирик асари “Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқуда фи-л-ақл ав марзула” (“Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби”) 1030 йилда ёзилган бўлиб, бу шоҳ асар Ғарб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон ҳинд олимлари томонидан юксак баҳоланган. Академик В. Р. Розен “Шарқ ва Ғарбнинг қадимги ва ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида бунга тенг келадиган асар йўқ”, деб баҳо берган. Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларидан бирида шоҳга ҳамроҳ бўлган Беруний, у ерда санскрит тилини пухта ўрганиши ҳинд маданияти, адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишишга ҳамда бу мамлакат ҳақида ўлмас асар яратишга имкон берди. “Ҳиндистон” асари ёзиб тугатилган йили Маҳмуд Ғазнавий вафот этди ва унинг ўрнига тахтга ўғли Масъуд ўтирди. Бу даврда Берунийнинг аҳволи анча яхшиланди. Астрономияга оид “Масъуд қонуни” асарини султон Масъудга бағишлади. Ўша аср олимларидан бири Ёқутнинг ёзишича: “Масъуд қонуни” китоби математика ва астрономия бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган”.   
    Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири “Минералогия”дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ, ҳатто Европада ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари - “Доривор ўсимликлар ҳақида китоби”нинг қўлёзмаси ХХ асрнинг 30-йилларида Туркияда топилди. Асар “Сайдона” номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.
       Беруний шогирди Абу-л Фадл ас-Серахсий маълумоти бўйича 1048 йил 11 декабрда Ғазнада (ҳозирги Афғонистон) вафот этган.
     Беруний сўнгги авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Берунийнинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолганлиги бизга маълум. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармокогнозия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратди ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржимлар қилди, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеърлар ёзди. “Астрологияга кириш”, “Астрономия калити”, “Жонни даволовчи қуёш китоби”, “Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида”, “Кўпайтириш асослари”, “Птолемей “Алмагест”нинг санскритчага таржимаси”, “Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар”, “Фарғоний “Элементлар” ига тузатишлар”, “Турклар томонидан эҳтиёткорлик”, “Оқ кийимлилар ва карматлар ҳақида маълумотлар”, “Шеърлар тўплами”, “Ал-Муқанна ҳақидаги маълумотлар таржимаси”, “Ибн Сино билан ёзишмалар” шулар жумласидандир.
     Берунийнинг асарлари мусулмон Шарқ маданиятининг сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Сўнгги асарларда араб ва форс тилларида ёзилган Байҳақий, Шахризўрий, Қифтий, Ёқут Ҳамавий асарларида Беруний ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. XIII асрда яшаган суриялик тарихчи ва табиб Христиан Иоанн Бар Эбрей (1226-1286) Берунийга шундай баҳо беради: “Ўша ўтган йилларда юнон ва ҳинд фалсафаси денгизини кечиб ўтган Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўтмиш илмларда шуҳрат қозонди. У математика илмларида мутахассис бўлиб, бу соҳада қатор муҳим китоблар яратди. Ҳиндистонга бориб, у ерда бир неча йил яшади, ҳинд файласуфларидан уларнинг санъатини ўрганди ва уларга юнон фалсафасини ўргатди. Унинг асарлари ниҳоятда кўп, етук ва ниҳоятда ишончлидир. Бир сўз билан айтганда, у ўз даврида, ундан сўнг ва ҳозирга қадар ҳамкасблари орасида астрономия илмида бундай билимдон ва бу илмнинг асосини ҳамда нозик томонларини чуқур биладиган олим бўлмаган”.
    XIX асрдан бошлаб Европа ва Осиё мамлакатларида Беруний мероси билан қизиқиш янада кенг тус олди. Унинг асарлари лотин, француз, итальян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима этила бошланди. Беруний асарларига бағишланган европалик олимларнинг китоблари, таржималари нашр этилди. Бу тадқиқотчилар Беруний ижодига жуда юқори баҳо бердилар. Америкалик тарихчи олим Ж. Сартон Берунийнинг меросига энг олий баҳо бериш билан бирга, унинг ўз даврининг жаҳондаги биринчи донишманди деб баҳолайди. Атоқли шарқшунос В. Р. Розен эса, унга илмий қарашлари таажжуб қоларли даражада кенглиги, унинг ҳозирги маънодаги ҳақиқий фаннинг руҳига хос эканлигини қайд этади.
    Берунийнинг ўз ватани Ўзбекистонда ҳам унинг ижодига катта эътибор бериб келинмоқда. Ҳ.М. Абдуллаев, И. М. Мўминов, В. Ю. Зоҳидов, Я. Ғ. Ғуломов, У. Каримов, С. А. Булгаков каби атоқли олимларимиз Беруний фаолияти ҳақида қатор рисола, асарлар яратдилар. Тошкентда унга бағишланган қатор Халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Биринчи бор Берунийнинг “Қадимги ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Масъуд қонуни”, “Геодезия”, “Сайдона” каби асосий асарларини ўз ичига олувчи кўп томли сайланма асарлари ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан нашр этилди. Фан соҳасида Беруний номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди.

 

Ишонч телефони:

Icon_512x512-75(31)

(0373)-244-12-86

 

ЭДД

 

фойдали манбалар
Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Фарғона филиали ТАТУ Фарғона филиали
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси
 
INTER-PRESS информационное агенство
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100