Навигатсия
Кутубхонанинг иш тартиби:
8:00 дан 18:00 гача
Манзил:
Ўзбекистон, Фарғона ш., Маърифат кўчаси 31 А

Фарғона вилоятига хуш келибсиз!

                                                                  Ферганские_Ворота

        Фарғона водийсини гўзал табиати, ер ости бойликлари, хушҳаво иқлими туфайли Марказий Осиёнинг гавҳари, деб атайдилар. Атрофлари Тян-Шан ва Ҳисор-Олой тоғлари билан ўралган водий ғарб томондагина Сирдарёга ўз дарвозасини очади. Фарғона водийси Марказий Осиё тарихи ва маданиятида ҳамиша муҳим рол ўйнаган. Алқисса, Фарғона давлати – Даван тўғрисидаги маълумотлар қадимий Хитой солномаларида эрамизнинг II асри охиридан бошлаб келтирилади, Ўрта асрларда эса у Мовароуннаҳрнинг етакчи ўлкаларидан бири ҳисобланган. ХI асрда Марғилон, савдогарлар Буюк ипак йўли бўйлаб Миср, Юнонистон, Бағдод, Хуросон ва Қашқарга олиб кетган ипак матолари билан донг таратган Фарғона воҳасидаги энг йирик шаҳар бўлган. Бугун ҳам Марғилонни Ўзбекистоннинг ипакчилик пойтахти, деб аташ мумкин. Шаҳар ҳунармандлари эски усулда бўялган ипакдан хонаки атлас тўқиб, бозорга чиқарадилар.

Фарғонадан 50 километр нарида унча катта бўлмаган Риштон шаҳри жойлашган. У, кулолчилик ривожланган шаҳар сифатида машҳурдир. Бу ҳунар билан шаҳар аҳли IХ асрдан бошлаб шуғулланиб келади. Мана, 1100 йилдирки, усталар маҳаллий қизил гилдан сопол буюмларни ясаш ва уларга табиий маъданли бўёқлар ҳамда тоғ гиёҳлари кулидан тайёрланадиган сир ёрдамида безаш сирларини авлоддан авлодга ўргатиб келаётирлар. Бетакрор феруза ва ёрқин кўк рангли ишқор ёрдамида гул солинган лаган, шокоса, кўза, сут сақланадиган идишлар риштонлик уста кулолларга кўплаб халқаро кўргазмаларда шуҳрат келтирган. Риштон кулоллари ясаган сопол буюмлар дунёдаги кўплаб музейлар ва хусусий коллекциялардан ўрин олган.

Қўқон узоқ вақт Фарғона водийсининг асосий шаҳри, деб ҳисобланган. ХVIII-ХIХ асрларда шаҳар ҳозирги Ўзбекистон ҳудудининг каттагина қисми ҳамда қўшни мамлакатларга ўз ҳукмини ўтказган кучли давлат - Қўқон хонлигининг пойтахти бўлган. Айни пайтда Қўқон йирик дин маркази ҳам ҳисобланган. Шаҳар гуллаб-яшнаган даврда, унинг ҳудудида ўттиз бешта мадраса ва юзта масжид фаолият кўрсатган. Афсуски, уларнинг кўпи ер қимирлаши ва совет ҳокимияти томонидан барбод қилинган.    

Ўрта асрларда хонлик ҳудудида Х асрга оид араб манбаларида қайд этилган Қубо шаҳри жойлашган. Шаҳар учта қисм: қалъа, минорали деворлар билан ўралган дарвозали шаҳристон ва работдан иборат бўлган.

карта

МАРҒИЛОН

Фарғона водийсининг шаҳарлари тўғрисидаги илк маълумотлар эрамизгача II-I асрларга оид ёзма ёдгорликларда тилга олинади. Хитой солномаларида Да-Юан давлатида (яъни Фарғонада) 70 та катта ва кичик шаҳар мавжуд бўлганлиги қайд этилган.

Қазиш ишлари пайтида ашёвий қолдиқлар, шу жумладан, махсус бўёқлар билан нафис гул солинган юқори сифатли ноёб сопол идиш, шунингдек, тошдан ясалган қўлбола янчиш қуроли, ҳовонча, пардоз бўёғи – сурма тайёрлаш учун аталган воситалар, тўқиш асбоби учун тошлар, бино харобалари, бир сўз билан айтганда, мажусийлик (бутпарастлик) динининг аломатлари топилган. Табиийки, буларнинг барчаси алоҳида эътиборга лойиқдир, қазилмалар эса барча буюмлар маҳоратли уста ва ҳунармандлар томонидан ясалганлигидан далолат беради. Марғилон тўғрисидаги ёзма маълумотлар асосан Х асрга оиддир.

“Бобурнома”да З.М.Бобур Марғилон Фарғонанинг 8 та шаҳарларидан бири эканлигини қайд этади; шаҳарнинг ободлиги ҳақида ёзиб, меваларининг, хусусан, анорнинг донаи калон, ўрикнинг субҳоний навларининг ширин таъмига тан беради.

Тарихий маълумотларга кўра, шаҳарнинг 12 та дарвозаси бўлган. Табиий-географик шароитларнинг мақбул эканлиги, Марғилоннинг ХI-ХII асрларда Буюк ипак йўлининг шимолий ва жанубий тармоқлари ўтган йирик шаҳарга айланишига сабаб бўлган. Айнан шу даврда бутун ислом дунёси тан олган фикҳшунос олим Бурҳониддин ал-Марғилоний яшаб, ижод қилган.

Буюк Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида ҳам Марғилон Фарғона водийсидаги йирик шаҳарлардан бири деб ҳисобланган.

Марғилон атласи – табиий шойидан тўқилган тенги йўқ матоси билан бутун оламга донг таратган. Шаҳар аҳолиси қадимдан тўқимачилик ҳамда дўппидўзлик билан шуғулланиб келади, шу билан бирга ҳунармандчиликнинг бошқа турлари, хусусан, мисгарлик, заргарлик ҳам кенг тарқалган.

Буюк ипак йўли бўйлаб савдогарлар Бағдод, Қашқар, Миср, Руминия ва Эронга турли матоларни олиб чиқиб, сотганлар. ХIХ-ХХ асрларда Марғилон Ўзбекистоннинг ипакчилик марказига айланди.

Маргилан

ҚЎҚОН

Қўқон – Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидан бири. Фарғона вилояти, Сўх дарёси этакларида жойлашган. Темирйўл тармоғига эга. Аҳолиси – 230 минг киши (2012 йил маълумотларига кўра). Енгил (пахта тозалаш, шойи тўқиш ва бошқа), кимё, озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва металлга ишлов бериш (тўқимачилик машинасозлиги, электртехника саноати ва бошқа.) ривожланган. Педагогика институти, театр, Ҳамза уй-музейи, ўлкашунослик, адабиёт музейлари бор. Х асрдан маълум, 1740-1876 йилларда Қўқон хонлиги пойтахти. Шаҳарда XVIII-XIX асрларга оид меъморий ёдгорликлар (Мадрасаи Мир 1799 йил, Жоме масжиди 1816 йил, Модарихон мақбараси 1825 йил, Дахмаи Шохон ансамбли 1825 йил, Комол Қози мадрасаси 1827 йил, Соҳибзода Миён Ҳазрат мадрасаси 1860 йил, Худоёрхон ўрдаси 1873 йил) каби диққатга сазовор объектлар жойлашган. Шаҳар - қадимий халқ амалий санъати маркази ҳамдир.

ХУДОЁРХОН ЎРДАСИ (САРОЙИ)

XVIII асрдан эътиборан, Қўқон хонлигининг пойтахтида кўплаб масжид, мадраса, савдо расталари, бозорлар, бошқа тарихий объектлар бунёд этилган. Улар орасида Худоёрхон томонидан 1873 йилда қурилган Ўрда яхши сақланган. Бу бинони “Худоёрхон саройи”, деб ҳам атайдилар. Саройнинг умумий майдони – 4 гектар, унинг пойдевори 3 метр баландликка кўтарилган. Шу сабабли ҳам саройга бош дарвоза орқали кириш учун шарқий томондан махсус йўл қурилган.

Дарвозахонанинг устки қисмига араб ҳарфлари билан “Буюк Сайид Муҳаммад Худоёрхон”, деб ёзиб қўйилган. Сарой қуриб битказилганида, унинг узунлиги 138 метр, кенглиги 65 метрни ташкил этган эди. Сарой 7 та ҳовли ва 119 та хонадан иборат бўлган. Ўша пайтда ўрда ички ва ташқи деворлар билан ўраб олинганди. Деворлар сақланиб қолмаган, бизгача фақат иккита ҳовли ва 19 та хона етиб келган, холос. Бугун бу ерда Қўқон ўлкашунослик музейи жойлашган.

Коканд

МОДАРИХОН МАҚБАРАСИ
Модарихон мақбараси 1825 йилда Қўқон хони Умархоннинг волидаси учун қурилган. Бу, ислом меъморчилигининг диққатга сазовор, ёрқин намуналаридан биридир.

Кукон1

ҚУВА

Қува – Фарғона вилояти Қува тумани маркази. Шахарда мебел фабрикаси, консерва заводи бор.

Ўрта асрларда бу эрда Х асрга оид араб манбаларида эсга олинган Қубо шаҳри жойлашган бўлиб, унинг харобаларигина сақланиб колган. Шаҳар уч қисм: қалъа, минорали дарвозалари бўлган деворлар билан ўралган шаҳристон ҳамда работдан иборат бўлган.

1956-1958 йилларда деворлар ортида ўтказилган қазиш ишлари натижасида VII-VIII асрларга оид Будданинг сопол ҳайкаллари ҳамда буддавий дахманинг турли илоҳлари қўйилган ибодатхона топилган; қалъада эса VII-X асрларга оид уй-жой ва хўжалик бино-иншоотларининг қолдиқлари, кундалик ҳаётда ишлатилган нарсалар ва бошқалар топилган.      

Ҳозирча олимлар Қуванинг ҳақиқий ёшини ўрнатганларича йўқ, бироқ улар айрим топилмаларга қараб, бўлажак бепоён шаҳристон ўрнашган жойда илк аҳоли манзилгоҳлари эрамизгача IV-III асрларда пайдо бўлган, деб тахмин қилмоқдалар. Илк Ўрта асрлар даврида Кубо (яъни Қува) катта аҳамиятга эга бўлиб, шаҳарда ҳунармандчилик, айниқса, кулолчилик, заргарлик, мисгарлик, металлга ишлов бериш каби тармоқлар ривожланган.

Қадимги шаҳар ҳудудидаги ибодатхонада маҳобатли ҳайкалнинг парчалари, шунингдек, вайрон қилинган Будда ҳайкали топилган бўлиб, бу, Фарғонада буддизмнинг тарқалганлигидан далолат беради. Ибодатхона араблар Марказий Осиёни истило қилган даврда вайрон қилинган.

Муаррихлар Қувани Ўрта асрларда яшаб ўтган буюк қомусий олим – Аҳмад ал-Фарғонийнинг она юрти, деб ҳисоблайдилар. Замонавий шаҳарнинг деярли марказидаги ўн беш гектарлик майдонда қалъали шаҳристон жойлашган.

Бугунги Қува боғ ва узумзорлари, айниқса, ширин анорлари билан донг таратган гўзал ва навқирон шаҳар ҳисобланади.

Кува

ШОҲИМАРДОН

Шоҳимардон – Ўзбекистоннинг энг гўзал гўшаларидан бири. Бу тоғли қишлоқ Фарғонанинг жанубидан 55 километр нарида, денгиз сатҳидан 1550 м. баландликда, Олой тизмаси ёнбағрида жойлашган. Шоҳимардон ҳудудидан тоғлардан икки томондан оқиб келадиган сойлар – Оқсув ва Кўксув ўтиб, уларнинг сувлари бирлашиб, Шоҳимардонсойни ташкил этади. Фарғонадан қишлоққа этиб олиш учун йўлда Шоҳимардонсойни етти марта кесиб ўтишга тўғри келади.

Шоҳимардон (1934 йилдан 1991 йилгача Ҳамзаобод деб номланган) – қўшни Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистонга қарашли кичик анклавдаги тоғли курорт (1934 йилдан)дир. Оқсув ва Кўксув сойлари туташган, Олой тоғ тизмасининг шимолий ёнбағрида, арчазорлар ва тоғли бутазорлар орасида жойлашган сўлим, ҳавоси шифобахш қишлоқ. Июлнинг ўртача ҳарорати 22 даража иссиқ, январнинг ўртача ҳарорати – 3 даража илиқдан 3 даражагача совуқ.

Қишлоқда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929) нинг музейи ва мақбараси жойлашган. Туристик база, тоғларда эса алпинистларнинг ўқув лагери – Дугоба фаолият кўрсатади. Қишлоқда бадиий ҳунармандчиликнинг турларидан бири – каштачилик ривожланган.

Шоҳимардон тарихи Муҳаммад пайғамбарнинг куёви – тўртинчи халифа Ҳазрат Али номи билан боғлиқдир. Ҳазрат Али Марказий Осиёга ташрифи чоғида Шоҳимардонни зиёрат қилган, деган тахмин мавжуд. Али пайғамбарнинг етти қабридан бири шу қишлоқда жойлашган, дейишади, лекин бу таъкидни исботлаш ёки инкор этишнинг иложи йўқ.

Форсчадан “Шоҳимардон” “мардлар ҳукмдори”, деган маънони англатиб, бу, Ҳазрат Алининг номи билан боғлиқдир.

Ўтган асрнинг 20-йилларида Шоҳимардон марказида масжид ва Ҳазрат Алининг мақбараси бўлиб, бу қадамжони зиёрат қилганларнинг кети кўринмасди. Лекин, дин таъқиб қилинган совет даврида Али пайғамбарнинг мақбараси вайрон қилинди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейингина, 1993 йилда Ҳазрат Али мақбараси аввалги қиёфаси сақланган ҳолда яна эски жойида тикланди.

Шахимардон

РИШТОН

Фарғона вилояти Риштон туманининг маъмурий маркази – Риштон Фарғонанинг ғарби томонида, шаҳардан 50 км. нарида жойлашган.

Қадим замонлардан риштонликлар ўз сопол буюмлари ва қандак ўриклари билан донг таратганлар.

Тарихий манбаларга кўра, маҳаллий аҳоли бундан 800 йил муқаддам ҳам сопол идиш ва бошқа буюмлар ясаш билан шуғулланган. Айнан шу туман ҳудудида Риштон номи билан боғлиқ ўзига хос сопол буюмларни ясашда ишлатиладиган қизил гил ва уларни безашда қўлланиладиган табиий маъданлар ҳамда тоғли гиёҳлар мавжуд. Риштонлик уста кулоллар гилдан буюмлар ясаш ва тайёр нарсаларни ноанъанавий тарзда безаш усуллари билан ҳам бутун дунёга донг таратганлар. Ҳунармандлар ўз маҳорат сирларини авлоддан авлодга ўргатиб келмоқдалар.

Риштонда бугун ҳам қадимги технологияни қўллайдиган кулолларнинг ишини уларнинг кичик устахоналарида туриб кузатиш мумкин. Шу билан бирга шаҳарда сопол буюмлар ишлаб чиқариладиган йирик устахона ҳам фаолият кўрсатмоқда. Риштон сопол буюмларини кўплаб халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда кўриш мумкин. Риштон Марказий Осиёнинг қадимий кулолчилик санъати маркази ҳисобланади. Айнан шу ерда сопол буюмларни ясашнинг ноёб технологияси ишлаб чиқилган бўлиб, уларни нафақат маҳаллий, балки бутун Ўзбекистон аҳолиси кундалик ҳаётда ишлатади, хорижлик сайёҳлар эса эсдалик совға сифатида харид қиладилар. Риштон сопол буюмлари ўзига хос шакли, безаги ва ранги билан ажралиб туради. Риштоннинг сопол буюмларига феруза, тўқ кўк ва жигарранг хосдир. Гиёҳлар ва маъданлардан тайёрланадиган ишқор сопол буюмларга майин жило бериб, кишига завқ бағишлайди.

Риштон

 

 

Кутубхоначидан сўранг
Исмингиз:
E-mail:
Текст: