Kirish Ro'yxatga olish
 
 
Яндекс.Погода

Манзил:
Ўзбекистон,  
Фарғона ш.,
Маърифат кўчаси 31 А

Телефонлар:
(+998 73) 244-00-56
(+998 73) 244-12-86

Кутубхонанинг иш тартиби: 8:00 дан 18:00 гача

Дам олиш куни: душанба.

Тозалик куни: ҳар ойнинг охирги жумаси

Безымянный

images

instagram-takipci-sa-d633cabe2c6ed376e016

 

 

 

telegram

 

 

 

Мусо ал-Хоразмий

Мусо ал-Хоразмий
(783-850)

     Буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмий VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этди. Бу даврда Марказий Осиё араб халифалиги таркибига кирар эди. Ривожланиб келаётган мавжуд тузум тақозо қилган ижтимоий-иқтисодий талаблар бу даврдаги тараққиёт жараёнининг асосий омилларидан бири бўлди. Қурилиш, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларни янада тараққий эттириш учун астрономия, геодезия, геометрия каби фанларни ривожлантириш зарурати туғилди. Ўша даврнинг илғор олимлари бу фанларнинг амалий аҳамияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий эса шу олимларнинг пешқадами ва йўлбошчиси эди.
    Хоразмий дунё фанига ғоят катта ҳисса қўшди. У алгебра фанининг асосчиси бўлди. “Алгебра” сўзининг ўзи эса унинг “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала” номли рисоласидан олинган. Унинг арифметика рисоласи ҳинд рақамларига асосланган бўлиб, ҳозирги кунда биз фойдаланадиган ўнлик позицион ҳисоблаш системаси ва шу системадаги амалларнинг Европада тарқалишига сабаб бўлди. Олимнинг “ал-Хоразмий” номи эса “алгоритм” шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг географияга доир асари эса араб тилида ўнлаб географик асарларнинг яратилишига замин яратди. Хоразмийнинг “Зиж”и Европада ҳам, Шарқ мамлакатларида ҳам астрономиянинг ривожланиш йўлини кўрсатиб берди. Лекин афсуски, фаннинг бир неча тармоқларига асос солган, ўз даврининг энг буюк математиги ва агар барча шарт-шароитларни назарга олса, ҳамма даврларнинг ҳам энг буюкларидан бири” бўлган бундай сиймонинг ҳаёти ҳақида маълумотлар деярли сақланмаган.
    Хоразмий Хоразм ўлкасида туғилиб, ўсди. Адабиётларда 783 йил унинг туғилган йили деб қабул этилган. У дастлабки маълумот ва турли соҳадаги билимларни асосан ўз юртида, Марказий Осиё шаҳарларида кўпгина устозлардан олган, деб билмоқ мумкин. Манбаларда Хоразмийнинг исмига яна ал-Мажусий ва ал-Қутруббулий деган атамалар ҳам қўшиб айтилади.
    Маълумки, ал-Маъмун 809 йилдан Марвда дастлаб халифа Хорун ар-Рашиднинг ноиби, сўнг 813 йилдан бошлаб халифа бўлади ва 819 йили Бағдодга кўчади. Ал-Маъмун Марвда бўлганида Хоразмийни, мовароуннаҳрлик ва хуросонлик бошқа олимларни ўз саройига жалб қилган. Византия, Ҳиндистондан кўплаб китоблар келтирилиб, “Байт ул-ҳикма”нинг фаолият доираси бир мунча кенгайтирилади, унинг қошида иккита йирик расадхона: биринчиси 828 йилда Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласида, иккинчиси Дамашқ яқинидаги Касиюн тоғида 831 йилда барпо этилади. Иккала расадхонанинг ҳам фаолиятини Марказий Осиё ва Хуросондан келган олимлар бошқаради. Хоразмий бу илмий марказнинг мудири сифатида унинг фаолиятини кузатиб туради. Бағдодга келган Марказий осиёлик олимлар орасида машҳур астроном Аҳмад ибн Касир ал-Фарғонийнинг номини эслатиш лозим. Марвлик Яҳё ибн Абу Мансур Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласидаги расадхонанинг асосчиси ва раҳбари бўлди. Расадхонадаги ишлар ҳақида у “Байт ул-ҳикма”нинг мудири Хоразмийга ҳисобот бериб турарди. Яҳё 831 йили вафот этганидан сўнг Хоразмий бу расадхонани ҳам бошқаради ва у ердаги кузатишларда фаол қатнашади. Яҳёнинг қаламига мансуб “Зиж ал-мумтаҳан” (“Синалган зиж”) номли астрономик асари маълум. Дамашқ яқинида Касиюн тоғидаги расадхонани Холид ибн Абдумалик ал-Марваррудий бошқаради.
    Хоразмий билан Бағдодда, кейинчалик “Маъмун академияси” деб танилган “Байт ул-ҳикма”да ижод этган олимларнинг барчасини ҳам Марказий осиёлик ёки хуросонлик дейиш хато бўларди. У ерда Сурия, Ироқ ва халифаликнинг бошқа ерларидан келган олимлар ҳам ишлаган. Бироқ улар орасида Марказий осиёликлар салмоқли ўринни эгаллаган. Хоразмий ана шундай илмий муҳитда яшаб ижод қилди ва 850 йилда Бағдодда вафот этди.
    Хоразмий қаламига мансуб 20 дан ортиқ асарларнинг фақат 10 таси бизгача етиб келган. Булар “Ал жабр ва ал-муқобала ҳисоби ҳақида қичқача китоб” – алгебраик асар, “Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб” ёки “Қўшиш ва айириш ҳақида китоб” – арифметик асар, “Китоб сурат-ул-арз” – географияга оид асар. “Зиж”, “Астурлоб билан ишлаш ҳақида китоб”, “Астурлоб ясаш ҳақида китоб”, “Астурлоб ёрдамида азимутни аниқлаш ҳақида”, “Китоб ар-руҳома”, “Китоб ат-таърих”, “Яҳудийларнинг тақвими ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола”. Бу асарларнинг тўрттаси араб тилида, биттаси Фарғонийнинг асари таркибида, иккитаси лотинча таржимада сақланган ва қолган учтаси ҳали топилган эмас.
   Хоразмийнинг арифметик рисоласи қачон ёзилгани номаълум. Бироқ унда олим алгебраик рисоласини эслайди. Демак, бундан Хоразмий арифметик рисолани алгебраик рисоладан кейин ёзгани маълум бўлади. Бу рисола XII асрда Испанияда лотин тилига таржима қилинган. Таржиманинг XIV асрда кўчирилган ягона қўлёзмаси Кембриж университети кутубхонасида сақланади. Рисола “Диксит Алгоризми”, яъни “Ал-Хоразмий айтди” ибораси билан бошланади. У шундай дейди: “...Мен арифметиканинг оддий ва мураккаб масалаларини ўз ичига олувчи “Ал -жабр ва ал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб”ни таълиф қилдим, чунки мерос тақсим қилишда, васиятнома тузишда, мол тақсимлашда ва адлия ишларида, савдода ва ҳар қандай битимларда ва шунингдек, ер ўлчаш, каналлар ўтказишда, геометрия ва бошқа шунга ўхшаш турлича ишларда кишилар учун бу зарурдир”.
    Хоразмийнинг энг йирик астрономик асари – унинг “Зиж”идир. Олим бу асарини 830 йил атрофида ёзган. “Зиж” 37 боб, 116 жадвалдан иборат. Асарнинг аввалги беш боби хронологияга бағишланган бўлиб, “тўфон”, “искандар”, “сафар” ва христиан эраларидаги саналарни ҳижрий эрага кўчириш қоидалари келтирилади.
   Хоразмий “Зиж”и халифаликдаги дастлабки астрономик асарлардан эди. Асар ёзилиши билан олимларнинг диққатини ўзига жалб этди. Унга Хоразмийнинг замондошларидан Фарғоний, ал-Ҳошимий ва бошқалар юксак баҳо беришган. Абу Райҳон Беруний бу “Зиж”ни шарҳлашга учта асарини бағишлаган. Фан тарихида испаниялик араб астрономи Маслама ал-Мажритий томонидан 1007 йили кўчирилган нусха диққатга сазовор. Бу нусхани 1126 йили Аделард Бат Испанияда лотинчага таржима қилди.
    Хоразмий “Зиж”и ҳозир мана шу лотинча таржимада мавжуд. Шу таржиманинг тўрт қўлёзма нусхаси асосида 1914 йили Х. Зутер “Зиж”нинг лотинча танқидий матнини, шу матн асосида О. Нейгубауэр эса 1962 йили унинг инглизча таржимасини нашр этган. Мана шу икки нашр асосида “Зиж”нинг тўла русча ва қисман ўзбекча таржималари нашрга тайёрланди. Хоразмийнинг “Зиж”и география соҳасидаги буюк кашфиётларга ҳам алоқадор бўлди. Хоразмий географик асарининг ёзилган йили аниқ маълум эмас. Академик В. В. Бартольд бу асар 836-847 йиллар орасида ёзилганлигини аниқлаган. Асар 1037 йили кўчирилган ягона арабча нусхасида бизгача етиб келган бўлиб, бу нусха Страсбург университети кутубхонасида сақланади.
   Хоразмийнинг “Китоб сурат-ул-арз” асари кўп олимлар томонидан ўрганилган. Лекин асар шу пайтгача тўла равишда бирорта ҳозирги замон тилига таржима қилинмаган. 1983 йили олимнинг 1200 йиллик юбилейи муносабати билан бизда бу асарнинг ўзбекча таржимаси Хоразмийнинг “Танланган асарлар”и таркибида чоп этилди.
   Хоразмийнинг юқорида келтирилган асарлариёқ, у фаннинг қатор тармоқларининг асосчиси бўлганлигини кўрсатади. Ўзининг ғоялари математика ва астрономиянинг оёққа туриши, ривожланишига сабаб бўлди.
    Хоразмий асарлари дунёнинг турли кутубхоналарида сақланади. Турли ғарб ва шарқ тилларига таржима қилинган. У ўз асарлари, ихтиролари билан нафақат ўз ватанини, балки араб халифалигининг илмий ютуғи, ўз даври маданиятининг юксак натижаларини бутун дунё ва барча асрларга машҳур этди. Ҳозирда унинг номига турли мамлакатларда (Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва б.) мукофот ва медаллар таъсис этилган.
 

Ишонч телефони:

Icon_512x512-75(31)

(0373)-244-12-86

 

ЭДД

 

фойдали манбалар
Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Фарғона филиали ТАТУ Фарғона филиали
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси
 
INTER-PRESS информационное агенство
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100