Kirish Ro'yxatga olish
 
 
Яндекс.Погода

Манзил:
Ўзбекистон,  
Фарғона ш.,
Маърифат кўчаси 31 А

Телефонлар:
(+998 73) 244-00-56
(+998 73) 244-12-86

Кутубхонанинг иш тартиби: 8:00 дан 18:00 гача

Дам олиш куни: душанба.

Тозалик куни: ҳар ойнинг охирги жумаси

Безымянный

images

instagram-takipci-sa-d633cabe2c6ed376e016

 

 

 

telegram

 

 

 

Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо Бобур

Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо Бобур 
(1483-1530)

     1483 йил 14 февралда Андижонда таваллуд топган. Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода.
     Бобурнинг отаси - Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси - Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан "Бобур" ("Шер") лақабини олади.
      Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур сўфий - Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради. Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2-3 йилида  мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чора-тадбирларни амалга оширади. Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди.
     Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади У 1499 йили Жиззах ва Самарқанд орқали
     Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди, 1500 йили Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади. Бироқ, шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар.
     Бобур темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. Бобур 200-300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб, Ғазни ва Қобулни эгаллайди. Қобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Қобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади.
     1507 йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди. Аммо бу уриниши муваффақиятсиз тугаб, яна Қобулга қайтади. Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради. Шайбонийхон Эронни забт этиш учун юриш бошлаганда Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий  иттифоқ тузиб 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, октябр бошларида Самарқандни яна қўлга киритади. 1512 йил 24 ноябрида Ғиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Қобулга қайтишга мажбур бўлади. Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узил-кесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади.
     1519 йил баҳорида Ҳиндистоннни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5-6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскар билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди, кўп ўтмай Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.
     Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек,  кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.
     Бобурнинг ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган; "Ул фурсатларда бирор-иккирар байт айтур эдим", деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади.
     Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фузалолар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва зазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.
     Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада, асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дил-дилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр соғинчи ва висол илинжи, тақдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.
     Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.
     1526 йил 21 декабрда Бобурга қарши суиқасд уюштирилади. Маҳв этилган Иброҳим Лўдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт таъсирими, ҳар ҳолда кейинги йилларда Бобур тез-тез касалга чалиниб туради. 1527 йил октябрда Бобур яна хасталикка учрагач, умрининг охирлаб қолганини ҳис этади. Шунда Бобур ўзи эътиқод қўйган Хожа Аҳрор Валий руҳидан нажот тилаб, ихлос билан унинг насрда битилган "Волидия" асарини шеърий таржима қилади. Бобурнинг моҳир таржимон сифатидаги қобилияти намоён бўлган 243 байтли бу асар катта ижодий илҳом билан жуда қисқа муддатда якунланган. Бобурнинг ўз эътирофича, таржима тугаши ҳамоноқ батамом соғайиб кетган. Бу йилларда у "Бобурнома" фасллари устида ишлашни давом эттирди, янги-янги ғазал-рубоийлар яратди, ўз ибораси билан айтганда, "Ҳиндистонға келгали айтқон ашъорни" тартибга солиб, шунингдек, "Волидия" таржимасини, "Хатти Бобурий" билан битилган намуна ва қитъаларни Мовароуннаҳр ва Афғонистонга, Ҳумоюн, Хожа Калон, Ҳиндолларга юборди. Ҳумоюн Мирзога аталган ижтимоий-ахлоқий масалаларни таҳлил этувчи машҳур мактуби ҳам Бобур ижодий фаолиятининг ёрқин қирраларидан бири бўлди.
     Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 1530 йили  47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик 1539 йилда васиятига мувофиқ ҳоки Қобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган "Боғи Бобур"га қўйилди.
     Бобур Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз юртида қадр-қиммат топди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра 1993 йилда Бобур таваллудининг 150 йиллиги тантанали нишонланди. Ўзбекистон ФАнинг Бобур номидаги медали таъсис этилди. Шарқшунос олим Убайдулла Каримов бу медалнинг биринчи совриндори бўлди. Андижонлик табиатшунос олим Зокиржон Машрабов раҳбарлик қиладиган Халқаро Бобур жамғармаси Бобур жамғармасини ўрганишда катта ишларни амалга оширди. Жамғарманинг илмий экспедицияси 10 дан ортиқ Шарқ мамлакатлари бўйлаб автомобилда илмий сафарлар уюштириб, 200 минг км дан ортиқ масофани босиб ўтди.  Бобур ва бобурийлар қадамжолари, уларнинг илмий меросига оид янги маълумотлар тўплаб, уларни илмий истеъмолга киритди. Мазкур маълумотлар асосида 10 дан зиёд илмий, ҳужжатли, бадиий асарлар яратилди.

 

Ишонч телефони:

Icon_512x512-75(31)

(0373)-244-12-86

 

ЭДД

 

фойдали манбалар
Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Фарғона филиали ТАТУ Фарғона филиали
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси
 
INTER-PRESS информационное агенство
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100