Kirish Ro'yxatga olish
 
 
Яндекс.Погода

Манзил:
Ўзбекистон,  
Фарғона ш.,
Маърифат кўчаси 31 А

Телефонлар:
(+998 73) 244-00-56
(+998 73) 244-12-86

Кутубхонанинг иш тартиби: 8:00 дан 18:00 гача

Дам олиш куни: душанба.

Тозалик куни: ҳар ойнинг охирги жумаси

Безымянный

images

instagram-takipci-sa-d633cabe2c6ed376e016

 

 

 

telegram

 

 

 

Зиёвуддин Ҳазиний

204.jpg

Зиёвуддин Ҳазиний
(1867-1923)

XIX аср иккинчи ярми ва XX аср бошлари ўзбек адабиётининг истеъдодли намояндаларидан бири Ҳазиний ижоди истиқлолгача бўлган давр мобайнида деярли ўрганилмаган.  Ватанимиз мустақилликка эришгач, шўролар иттифоқи даврида «диний  реакцион»  дея бир ёқлама баҳоланган кўпгина  ижодкорлар, жумладан, Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоҳёр кабилар қаторида  Ҳазиний ижодига қизиқиш    бошланди. А. Мадаминов, А. Абдуғафуров, И. Остонақулов ва О. Жўрабоевларнинг қатор мақола ва нашрлари чоп этилди.

Ҳазиний ҳаёти ва фаолиятига доир муфассал маълумотлар бизгача етиб келган эмас. Унинг авлодлари   (кенжа ўғли  Сотиболдихон Зиёев, 1922 йилда туғилган), шоирни кўрган билган кишилар хотиралари, шоир шахсиятининг айрим қирраларини ёритувчи ҳикоя тарзидаги  ёдномалар ва Пўлатжон  Қаюмовнинг «Тазкираи Қайюмий» асаридаги маълумотларгина бизга маълум.

            Зиёвуддин Каттахожи ўғли Ҳазиний Қўқон шаҳрига яқин (ҳозирда Учкўприк туманига қарашли) Катта Кенагас қишлоғида 1867 йилда таваллуд топган. «Тазкираи  Қайюмий» (Тошкент,1998, 562-бет) да “... шоирнинг номи Зиёдхон тўра бўлиб, Дониёлхон тўранинг ўғлидур...” дейилади. Ҳазинийнинг ўғли  Сотиболдихон отанинг   таъкидлашича ҳақиқатдан ҳам, дадаларини яқин қариндошлар баъзида “Зиёдхон” дея чақиришган. Зиёдхон — Зиёвуддинхоннинг қисқартирилган шаклидир. Дониёлхон исми ўрнига ҳамма авлодлари боболарини Каттахожа эшон дейишади. Маълумки, халқимиз орасида сайид, тўра, хўжа – эшонларни ҳурматлаб ўз исмлари  билан эмас, балки насл-насабларига ишора қилувчи номлар  билан аталган  (Ҳазиний аждодларининг сайидлар, яъни пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад  Мустафо  (САВ)га бориб уланишини тасдиқловчи шажаравий ҳужжатлар мавжуд). Бизнингча, Дониёлхон исми хос давралардагина  аталиб, Каттахожи номи эса, кенг тарқалган. Шунга кўра иккала номни ҳам шоир отасининг номи сифатида қабул қилиш мумкин.

            Яна “Тазкираи Қайюмий” (ўша бет)да “1926 йилда ўз қишлоғида вафот этди. Ўшанда 66 ёшда экани сўзланади...» дейилган. Ҳазиний авлодлари эса 1923 йилда 56 ёшда вафот этганлигини тасдиқлайдилар.

Бошланғич таълимни ориф ва зиёли бўлмиш отаси Каттахожа эшондан олган Зиёвуддин кейинчалик Қўқондаги «Жомеъ» мадрасасида тахсил олади. Ана шу ерда бошқа илмлар қатори тасаввуф илмига қизиқиши кучаяди ва ўз даврининг Қодирия тариқати шайхи Муҳаммад Хакимхон халифа эшон Хўқандийга байъат қилиб, мурид тушади. Кейинчалик иршод (мурид тарбия этарга ва тариқат пешволигига рухсат) олиб, «...ниҳоят ҳаётда ...ривожли бир шайх ва шоир бўлуб шуҳратланди».

Зиёвуддинхон халқ орасида жуда обрў-эътиборли бўлиб, «Ҳази­ний тўра» ва «Эшонбува» номлари билан аталган. Унинг деҳқончилик билан ҳалол кун кечирганлиги ва ўзининг ҳамда Чопдор, Қоровултепа қишлоқларида турли ободончилик ишларини амалга оширганлиги маълум. Ҳазиний шоир сифатида XIX аср охири ва XX аср бошларида катта шуҳрат қозонган. Унинг асарлари кўпроқ 1900 ва 1920 йиллар орасида кўчирилган қўлёзма баёзларда учрайди. Яна шоир асарлари ўша давр Тошкентдаги Орифжонов, Порцев, Лахтин матбааларида «Баёзи Ҳазиний» номи остида 1910—13 йиллар ораси­да етти марта босилган. 1911 йил Ғуломҳасан Орифжонов матбаасида чоп этилган «Баёзи Ҳазиний» унвон варағида шоир абёти Фарғона ва Тошкент ва «ғайри ерларда мақбул ва марғуб» эканлиги алоҳида таъкидланган. Ҳазинийнинг шоир сифатида шаклланишида ўз дав­рининг адабий муҳити алоҳида аҳамият касб этган. У замондошлари Муҳйи, Муқимий, Шайх Сулаймон Махжур, Ножий, Насимий, Ибрат, Камий, Мискин, Хислат, Сиддий Хондайлиқий каби шоирлар билан ижодий мулоқотда бўлган. Шоир шеъриятининг энг муҳим жиҳати унинг халқ тили ва дилига яқин усулда ижод қилганидир. Унинг асарларини икки йўналишда — лирик ва диний-тасаввуфий, дея баҳолаш мумкин. Шоир бу икки йўналишда ҳам аниқ шеърий маромга амал қилади. Китобхон унинг асарларини ўқир экан, фикр аниқлиги ва мисраларнинг равонлигидан зўр қониқиш ҳосил қилади, ибратли ҳикоятларга ишоратлардан завқланади.

Ҳазинийнинг девон соҳиби эканлиги ҳақида маълумотлар мавжуд. Шоирнинг ўзи ҳам айрим ғазалларида шунга ишорат қилади:

Найлайин, оҳу фиғон этмоқдин ўзга чора йўқ,
То, Ҳазиний, битмасам васфига девон ўхшамас,
                                               (Ўша асар, 36-бет).

Табъи ноқис, ақли кўтаҳдур Ҳазиний дунтабъ,
Бўйла идроку фаросат бирла девоним қалай?  
                                         (Ўша асар, 105-бет).

Ғоят камтарона ва ҳокисорлик билан битилган байтда шоир ўз девонига ўқувчи баҳосини истайди. Аммо, зикр этилган девон шоир вафотидан сўнг, 1930 йилларда йўқолган. Уни қидириш ишлари са­мара берганича йуқ.  Яқинда, шоирнинг 3000 мисрага яқин шеърлари жам этилиб, девон тартибига келтирилди.

Ҳазиний асосан ғазал, мураббаъ, мухаммас, мусаддас жанрларида ижод этган. Шуниси қизиқки, у ғазал, мураббаъ, мухаммасларида ҳам лирик, ҳам диний-тасаввуфий маъноларни баробар ёритса, мусаддаслари эса, фақат диний-тасаввуфий руҳдадир. Шоир аруз вазнининг бир неча баҳрларида ижод этган. Жумладан, ҳазаж, рамал, сареъ, мутақориб баҳрлари Ҳазиний шеърларининг кўпчилигига хосдир. У шеъриятда ўз фикрини ифодалашда бадиий санъатларнинг талмих, тажнис, иқтибос, ташбих турларидан унумли фойдаланган. Айниқса, талмих (назар солиш) маънавий санъати Ҳазиний асарларининг деярли ҳаммасида учрайди. Бу санъат воситасида унинг шеърларида пайғамбарлар, тарихий шахслар исмлари ва баъзи афсонавий-тарихий воқеаларга ишоратлар учратамиз.

Шоир ёр образини яратишда ва унга мурожаатда анъанавий тасвир воситаларини моҳирона қўллайди. Асли «зебоча», «раъноча», «қадди ниҳол», «қошлари янги ҳилол», «кўзлари хумор» ёрига илтижолари Лайли фироқидаги Мажнун, Ширин ҳажридаги Фарҳод, Узро васлига муштоқ Вомиқ тимсолида баён қиладики, кўз олдимизда ёр учун тун - саҳарлар бедор, кўнгли вайрон, висол умидида қон йиғлаган, юзлари заъфарон ошиқ намоён бўлади.

Зиёвуддин Ҳазиний адабий мероси фақат юқорида таъкидланган манбалардагина бўлмай, асримиз бошларида чоп этилган ўндан зиёд тошбосма баёз ва тўпламлардан ҳам ўрин олган. Республикамиз қўлёзма жамғармалари — ЎзР ФА Шарқшунослик институти, собиқ Қўлёзмалар институти, Ғафур Ғулом номидаги Фарғона вилоят Адабиёт музейи ва айрим шахсий кутубхоналарда сақланаётган нодир қўлёзма манбаларда шоир меросининг асосий қисми ўрин олгандир. Ҳазиний асарларини яхлит ҳолга келтириш ва атрофлича ўрганиш навбатдаги вазифалардандир.

Баёзи  Ҳазиний

Ҳалқимизнинг машҳур, севикли шоирларидан бири мавлоно Ҳазинийдир. Афсуским, шоирнинг муфассал таржимаи ҳолига эга эмасмиз. Унинг ҳаётига оид айрим  лавҳалар  мазкур  зотнинг 80  ёшлик  амакиваччаси  Валихон  Мастоновда  сақланаётган 5  та мўътабар қўлёзма ҳужжатда,  авлодлари  ва  айрим  замондошлари хотирасида  сақланиб қолган. Мазкур ҳужжатлардан иккитаси Ҳазиний аждодлари шажарасидир.

Ҳижрий 1287, милодий 1870 йилда тузилган шажарада шоирнинг ота томонидан Набирахожа эшон исмли  аждодининг  йигирма  олти  насаб  билан  халифа  Ҳазрат  Алининг  отаси  Абдулмуталлибга  етиб бориши  қайд  этилиб,  ҳужжат 74  муҳр  билан  тасдиқланган.  Иккинчи  шажарада  она  томонидан пайғамбаримиз  Муҳаммад  алайҳиссаломга  уланиши  кўрсатилган.  Маълумотномага 22  та  муҳр босилган.  Шажаралардан  маълум  бўлишича  Ҳазиний  аждодларидан  ўнлаб  кишилар  шу  даврнинг машҳур олим ва шоирлари бўлишган.

Ҳазиний  ижоди  ҳақида  ўқувчига  маълум  тасаввур  берувчи «Баёзи  Ҳазиний» («Ҳазиний  баёзи») Тошкентда  уч  марта  чоп  этилган.  Дастлаб  ҳижрий 1328  милодий 1910  йилда  Тошкент  шаҳрида «Матбааи  Ғуломий»да  нашр  этилган  шеърий  мажмуасининг  унвон  варағида  шундай  дейилган:

«Алҳамдулиллаҳ  ва-л  миннаки,  ушбу  китоби  мустатоб (ёқимли) саодат  интисоб (бахтиёрликка  мансуб)  бу  овони  файзиқтиронда  ва  замони  фархатнишонда  шоири оташзабон,  айни Ҳазиний  тўра  эшони Хўқандийнинг  ашъорларидан  хўшачинлик  қилиб жамъ  этилуб, сафхаи  ижодга  намудор  қилинди.  Нечунким,  алҳол  ушбу  хожанинг абётлари Фарғона  ва Тошкенд  ва  ғайри  ерларга мақбул  ва марғубдур.  Бинобарин,  табъ  ва  тамсилиға қўшиш  қилинуб,  ном  қўюлди «Баёзи Ҳазиний» маа  ашъори  ғарибаи шуаро Дигар  ва  абёти  ҳаводиси зилзилаи  Андижон  деб. Мунинг  шариға  саъи  балиғ  кўргузгон  фақирул  ҳақир,  тожири  кутуб Мирзо Аҳмад бинни Мирзо Карим маҳрум».

«Баёзи Ҳазиний» ҳижрий 1329 (милодий 1911) йилда шоирнинг янги шеърлари билан бойитилиб иккинчн марта нашр этилди. Учинчи марта мазкур баёз ҳижрий 1331 (милодий 1913) йилда Тошкентда, О. А. Порцев матбаасида босилди.

Машҳур  ҳофизимиз  мулла  Тўйчихон  Тошмуҳаммадхон  ўғлининг  қўшиқларидан  тузилган «Армуғони Ҳислат» (Тошканд, «Матбааи Ғуломий», 1912 йил) баёзига Ҳазинийнинг «Ё Ҳаёт ан-набий» радифли  ғазалига  Камий  ва  мазкур  баёз  котиби  Сирожиддин  махдум  Шавкатнинг  боғлаган мухаммаслари, «Кел»  радифли  ғазалига  Ҳислат  боғлаган  мухаммас  киритилган.  Аввалги  икки мухаммаснинг «Ҳўқандча хониш» оҳангида, кейингисининг «Дилхирож» куйида айтилиши уқтирилган.

«Баёз»  маа «Гулшани  ашъор» (Тошканд, 1913  йил)  баёзига  шоирнинг  ғазали  ва  мухаммаси киритилган. Тошкандда нашр этилган «Маҳбубул-маҳбуб» баёзига ҳам Фарғона  музофотидан етишган шоирлар  асарлари  қаторида Ҳазинийнинг Ҳамза мухаммас боғлаган  ғазали  ва Амоний Арабонийнинг шоирнинг «Кошки» радифли ғазалига боғлаган мухаммаси киритилган.

Шоир авлодларининг таъкидлашларича, Ҳазиний ўз шеърларини жамлаб девон тузган. Кейинчалик бу  девон  шоирнинг  катта  ўғли  Амакихонда  сақланган. 30-йиллар  охиридаги  қатағон  пайтида Амакихонни эшонликда айблаб, уйини тинтув қилиб, отасининг девони олиб кетилган, ўзини қамашган.

Бу нодир девонни излаш ҳозирга қадар натижа бергани йўқ.  Таассуфларким,  улуғ  қадриятларимиздан  саналмиш  ўтмиш  адабиётимизга  синфий,  партиявий нуқтаи  назардан  қаралган  вақтларда,  кўҳна  ва  бой  адабиётимизнинг  кўплаб  намояндалари  сунъий равишда «илғор»  ва «реакцион»  гуруҳларга  бўлиниб,  нохолис  баҳоланди...  Туркий  халқларнинг  фахри, файласуф шоир, мутафаккир «султонул орифин»  (орифлар султони), «қутби миллат ваддин» («миллат ва диннинг қутби») Хўжа Яссавий ҳазратдан  тортиб бу  зоти бобаракотнинг издошлари Сўфи Оллоёр, Мажзуби  Намангоний,  Қорий,  Муҳйи,  Азимий,  Жалолий,  Ҳазиний  Ҳўқандий  каби  ўнлаб шоирларимизнпнг пурҳикмат асарларидан халқимиз яқин йилларгача маҳрум бўлиб келди.

Минг шукрким, мустақиллик ва озодлик шарофати туфайли ўтмиш маданий-адабий меросимизни холис ўрганиш, бор ҳақиқатни айтиш имкониятига эга бўлдик.

Ҳазиний анъанавий ишқий ғазаллар ёзиш билан бирга тасаввуф руҳида ҳам асарлар ёзган. Унинг ижодий  хазинасининг  маълум  бир  қисмини  Қуръон  оятлари  ҳамда  Муҳаммад  алайҳиссалом ҳадисларига даъват  қилувчи  асарлар  ташкил  қиладики, бу  хусусият шоирга исломий нуқтаи назардан ҳам алоҳида эътибор кўрсатилмоғини тақозо этади.

 

Ишонч телефони:

Icon_512x512-75(31)

(0373)-244-12-86

 

ЭДД

 

фойдали манбалар
Тошкент Ахборот Технологиялари Университети Фарғона филиали ТАТУ Фарғона филиали
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси
 
INTER-PRESS информационное агенство
Рейтинг@Mail.ru Rambler's Top100