Илҳом ўлкасига саёҳат 09.03.2015 13:11
6 март куни маънавият ва маърифат секторида “Илҳом ўлкасига саёҳат” кўргазма-тақдимот очилди. Бир не
ча йилдирки, баҳорги байрамлар – саккизинчи март ва Наврўз айёми арафасида энг яхши миллий анъаналардан фойдаланиб, гўзалликни ўз қўли билан яратувчилар ва ушбу гўзалликка ошуфта диллар учун маънавият ва маърифат сектори эшиклари кенг очилади. Тадбирда АКМ директор ўринбосари Ю. Гофуров, маънавият ва маърифат сектори мудири Ф. Альмухаметова, Санъат коллежи “Дизайн” факультети мудири Н. Абдуллаев йиғилганларни қутладилар.
Кўргазмага тақдим этилган асарлар ҳақида Л. Семизорова гапирар экан, мазкур ишларнинг аксарияти Фарғона ўлкашунослик музейида, Ўзбекистон рассомлар уюшмаси Фарғона бўлими кўргазма залида ва Санъат коллежи кўргазма залида намойиш
этилганлигини айтиб ўтди.
Пейзаж, натюрморт, халқ амалий санъати ёрқин рангларининг ранг-баранглиги кўргазма иштирокчиларини завқлантирди. Кўргазмага 60дан ортиқ асарлар тақдим этилиб, улар орасида, айниқса, йилдан йилга маҳоратлари ортиб бораётган, имкониятлари ва креатив фикрлари билан катта тааассурот қолдираётган ёш ижодкорларнинг асарлари диққатга сазовордир.
Булар ёш рассомлар – санъат коллежи “Дизайн” факультетининг 1 ва 3 курс ўқувчилари – М. Қурбонованинг “Зулфия портрети”, “Баҳор ва қизлар”, О. Рахмоналиеванинг “Шарқ гўзали”, “Декоратив композиция”, М. Алижонова “Атиргуллар”, “Куз” пейзажи, Т. Эминжонова “Дугоналар, “Келинчак”, Х. Зайлобиддинова “Куз оҳанглари” ва бошқа ишларни кўриш мумкин.

Гуллар, табиат, аёл, баҳор – буларнинг барчаси таниқли рассомлар – Л. Семизорова (гобелен «Метаморфоза», гобелен «Гранатовый чай»), С. Шихова (батик «Дерево желаний», батик «Маки»), И. Батов (акварель «Весенние цветы», «Сирень», «Маки», «Ромашки»), Р. Жалилов (Холст мойбўёқ «Булданеш», «Весна»), Чередниченко коллаж («Морская сюита») каби ишлардир. Мунчоқдан ясалган ишларини О. Наудзан, миллий қўғирчоқларни О. Бурханова (қўғирчоқлар ясаш бўйича уста) намойиш этдилар. Энг ёш рассомлар Ни Алиса (12 ёш) «Золотая рыбка», пёс «Дружок», М. Киселёв (7 ёш) графика «Портрет мамы» асарларини намойиш этдилар. Уларнинг барча ишлари баҳор, жонажон ўлкага муҳаббат, ҳаётга фалсафий назар билан суғорилган.

Халқ –амалий санъати асарлари - мунчоқли безаклар, аппликация ва пэчворк услубида тайёрланган сумкалар, миллий кийимлардаги шарқ қўғирчоқлари, тўқилган буюмлар тақдим этилди.

Кўргазма март ойи давомида намойиш этилади.